Google’да дастурчи-муҳандис бўлиб фаолият олиб борадиган Нодир Тўрақулов билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбир 16 сентябрь куни соат 19:30 да бошланди ва чамаси икки соат давом этди. Бу ҳақда «Пароль» нашри хабар берди.
Учрашув ташкилотчиси ТЧК коворкинг маркази бўлиб, улар тадбир учун ажойиб жой ташкил этган. Ташриф буюрганларнинг барчаси суҳбатлашиш учун ўзига қулай жой топа олди.
Йиғилганлар Нодир Тўрақуловга унинг фаолияти, Google’да ишлаш ва у ерда қандай шароитлар яратилгани, дастурчи-муҳандис бўлиш учун нималар қилиш кераклиги ҳамда ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мурожаат қилишди. Қуйида улар орасидан айрим савол-жавобларни сизларга тақдим этамиз.
Google’га қандай ишга киргансиз?
Нодир Тўрақулов: Google’га ишга киришим LinkedIn ижтимоий тармоғи орқали бошланган. Ўша пайтгача ҳам АҚШ’да эдим. АҚШ ҳудудига киришингиз билан бу тармоқ керакли кадрни қидириб юрганларга сиз ҳақингизда маълумот етказиб туради.Шунинг учун менга ҳар хил иш таклифлари келиб турар эди. Шуларнинг ичида Google’дан келган таклиф мени қизиқтириб қўйди. Айтиш жоизки, Google’га ишга кириш катта бир жараён — телефон ёки интернет орқали интервьюдан ўтганингиздан сўнг, сизни 5 босқичли юзма-юз суҳбатга чақиришади.
Бир кун давом этадиган суҳбатдаги ҳар бир босқич 45 дақиқадан иборат, асосан дастурлаш ва алгоритм тузиш маҳоратингиз компьютерсиз, фақат оқ доска ва маркер билан синалади.
Google ходимлари компания лойиҳаларидан бошқа, ўз лойиҳаларини амалга оширишлари мумкинми?
Нодир Тўрақулов: Дастурчиларнинг барча ёзган кодлари Google’га тегишли ҳисобланади ва фақатгина Google’нинг рухсати билан бошқа жойларга тарқалиши мумкин.Google’нинг ижтимоий пакетлари ҳақида гапириб берсангиз
Нодир Тўрақулов: Google’да бундай пакетлар жуда кўп. Иш бўйича қиладиган ҳар бир харажатингизни Google қоплайди. Ҳатто бир сафар Linux OS бўйича китоб сотиб олганимда ҳам, унинг пулини Google тўлаб берган. Бундан ташқари соғлиғимизни тўлиқ суғурталашади, компания ҳудудида ҳар хил кафе ва ресторанлар, дам олиш ва спорт заллари бор, овқатланиш ҳамда шуғулланиш текин. Йилига камида 2 марта турли жойларга саёҳатга чиқамиз.Ушбу тадбир ҳақида батафсил маълумот ҳамда учрашув давомида берилган бошқа саволлар билан «Пароль» нашрининг ушбу мақоласида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)