Андижон вилояти Асака шаҳар маданият ва истироҳат боғи қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири М.Ҳожиматов ва бошқалар Президент раҳнамолигида бунёдкорлик, қурилиш-ободонлаштириш ва халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш, хусусан, аҳолининг мазмунли дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча зарур шароит яратилаётганини таъкидлади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги «2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида Андижон вилоятида 25 маданий дам олиш масканини капитал реконструкция қилиш режалаштирилган. Жорий йилда Балиқчи, Олтинкўл ва Избоскан туманлари марказий маданият ва истироҳат боғлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфага эга бўлди.
Боғда барпо этилган «Камолот» рақс хиёбони ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратади. Икки мини-футбол ва теннис майдонлари, шахмат-шашка клуби ёшлар ихтиёрига топширилди.
Тадбир доирасида «Билимлар беллашуви»нинг мамлакат босқичида биринчи ўринни эгаллаган, шунингдек, Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар олимпиадасида иштирок этган асакалик ёшларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Таниқли санъаткорлар, шаҳар бадиий жамоалари томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчилар ва меҳмонларга хушнудлик бағишлади.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)