Жорий йилнинг 15—26 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Тошкент — Мадина, Бухоро — Мадина, Самарқанд — Мадина, Термиз — Мадина, Фарғона — Мадина, Андижон — Мадина ҳамда Урганч — Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнатиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекитон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни ҳожилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхона ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 10 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига жўнатилди. Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилади.
Бугун, 15 сентябрь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 499 нафардан иборат дастлабки гуруҳлари иккита рейсда (тўрт нафар делегация, олти нафар ишчи гуруҳи, тўрт нафар ошпазлар, тўрт нафар шифокорлар) Тошкент — Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига кузатилди.
Зиёратчиларга сафардан олдин Давлат рамзи туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, «Ҳажнома» китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларда миненгит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида «Масжид ан-Набавий»дан 100 метр узоқликда жойлашган «Жулнор ат-Тоййиба» меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 4500-5000 метр узоқликдаги тўрт буржли «Муҳаммадия» меҳмонхонаси тайёрланган.
Ўзбекистонлик ҳожилар Мадина шаҳрида уч кеча-ю тўрт кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг, Макка шаҳрига йўл олади.
Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 25 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат кўрсатади. Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ўзбекистонда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган.
Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-869 сон Қарори асосида Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган «Ҳаж» ва «Умра» масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Жорий йилнинг 9—20 октябрь кунлари ўзбекистонлик ҳожиларни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси самолётларида Жидда — Тошкент, Жидда — Бухоро, Жидда — Самарқанд, Жидда — Термиз Жидда — Фарғона, Жидда — Андижон ҳамда Жидда — Урганч йўналишлари бўйича Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.
Маълумот учун, «Ҳаж — 2014» мавсумини намунали ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 август кунидаги ПФ-3793 сон Фармони асосида тузилган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Республика Жамоатчилик Кенгаши қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)