2014 йил 9 сентябрь куни Тошкентда энг йирик алоқа оператори Beeline (Unitel МЧЖ ва«Бузтон» ҚК) Дмитрий Реш Unitel’нинг ҳудудий ривожлантириш бўйича директори этиб тайинланганлигини эълон қилди. У бу лавозимда илгари ишлаган, Жануби-ғарбий филиал директори ўрнида Beeline’нинг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги фаолияти бошқаруви билан шуғулланиш истагини билдирган Ғулом Ортиқовнинг ўрнига тайинланди.
Тайинловни шарҳлар экан, Unitel МЧЖ Бош директори Александр Воробёв қуйидагиларни айтди: «Дмитрийнинг компаниямизда Тошкент филиали раҳбари сифатидаги фаолияти давомида юксак натижаларга эришилди: кучли менежерлар гуруҳи шаклланди, барча асосий кўрсатгичларнинг барқарор ўсишига эришилди ва пойтахтда 4G тармоғи ишга тушиши амалга оширилди. Янги лавозим унинг олдига Beeline’нинг етакчилигини мустаҳкамлаш, бутун Ўзбекистон бўйлаб хизмат кўрсатиш ва сервиснинг сифатини оширишга ҳисса қўшиш каби янада муҳим вазифаларни қўяди. Ишонаман, Дмитрийнинг кўп йиллик тажрибаси унга бу мақсадларга эришишда ёрдам беради».
«Оммавий бозордаги ҳар қандай компания каби Beeline’нинг фаолиятида асосийси — бу мижоз, — деди Дмитрий Реш. — Биз шундай ишлашимиз жоизки, абонентларимиз бизни нафақат энг йирик оператор ва инновациялар бошловчиси, балки ишончли ҳамкор сифатида ҳам кўрсин. Албатта, мижозларга хизмат кўрсатувчи бизнеснинг қурилиши — узлуксиз жараён ва мен унинг тезлашуви учун барча имкониятларимни йўлга қўяман».
Маълумот учун, 2013 йилнинг август ойида Unitel МЧЖ Тошкент ҳудудий филиали директори лавозимида иш бошлаган Дмитрий Реш бир йилдан сўнг компаниянинг ҳудудий ривожлантириш директори лавозимини эгаллади.
Бундан аввалроқ, Beeline компанияси Ўзбекистонда илк бор LTE технологияси асосида ишлайдиган мобил тармоқнинг тўртинчи авлодини ишга туширишини эълон қилган эди. Унга кўра, секундига 70 мегабит максимал тезликда ишлайдиган 4G тармоғи жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳридаги марказий туманлар — жами 10 фоиз ҳудудни қамраб олади. 2015 йилда мазкур тармоқ пойтахт ва Самарқанд шаҳрида тўлиқ йўлга қўйилади.
Изоҳ (0)