АҚШнинг Колорадо-Спрингс шаҳрида дзюдо бўйича паралимпиячилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар битта олтин, учта кумуш ва тўртта бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот хизмати хабар бермоқда.
Нуфузли мусобақа ғолиб ва совриндорларини Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси вакиллари, спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олди.
Жаҳон чемпионатида дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан 500 нафардан зиёд спортчи совринли ўринлар ҳамда 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун беллашди. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 15 дзюдочининг саккиз нафари ғолиб ва совриндор бўлди.
«Ғалабам шарафига мамлакатимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда чексиз фахр-ифтихор ҳиссини туйдим, — деди жаҳон чемпиони Одилжон Тулендибоев. — Мазкур нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этганимиз мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида биз, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, ўз салоҳиятимизни рўёбга чиқаришга яратилган шарт-шароитлар туфайлидир. Мақсадим Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтадиган Параосиё ўйинларида ҳам муваффақиятли иштирок этишдир».