Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги байрами кунида «Жиззах» махсус индустриал зонаси тасарруфидаги йирик саноат қуввати — «Қуёш иссиқлик энергияси» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси ишга тушди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлиги расмий ахборот портали хабар бермоқда.
Корхонанинг очилиши муносабати билан ўтказилган маросимда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Кенжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2013 йил мартда имзоланган «Жиззах махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарор ижроси бўйича бугунгача амалга оширилган ишлар натижасида вилоятдаги катта ҳудудда 20 дан зиёд саноат корхоналарини ишга тушириш ишлари якуний босқичга чиқиб бораётганини таъкидлаб, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги мазкур ҳамкорлик алоқаларининг ўзаро мос ва уйғун жиҳатига алоҳида тўхталиб ўтди.
Хитойнинг Hangzhou Zhongwei Electronic Meters Co Ltd. компанияси ҳамда «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» Очиқ акциядорлик жамияти, «Электрон ҳисоблагич» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигида ташкил этилган, йилига 15 мингта қуёш коллекторлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Қуёш иссиқлик энергияси» қўшма корхонаси ҳар жиҳатдан замонавийдир.
Биринчидан, бу ерда ишлаб чиқарилган актив ва пассив коллектор жамланмалари тикланмайдиган энергия ресурсларини тежайди. Иккинчи, энг муҳим томони эса истеъмолчи учун сифатли ва меъёрдаги иссиқ сувни етказиб берувчи бундай технология озиқ-овқат ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзига хос қатор қулайликларга эга.
Изоҳ (0)