25 август куни кечки пайт чегарада содир бўлган отишма муносабати билан Қирғизистон Тожикистонга нисбатан эътироз нотасини юборди. Шунингдек, у «зудлик билан барча айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш»ни талаб қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи сиёсат қўмитасининг ахборот хизмати берган маълумотга таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Икки мамлакатнинг ҳарбийлари ўртасидаги отишма Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегараси яқинида жойлашган Лайлак туманида содир бўлган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги «Тожикистон ҳарбийлари қирғизистонлик ҳарбийларга ўқотар қурол орқали ўт очган. Натижада отишма бошланган. Бундан ташқари, ярим соат давом этган отишма давомида Қирғизистоннинг ‘Кулунду’ дарвозаси Тожикистон томондан миномёт билан ўққа тутилган», — деб қайд этди.
Ахборот агентлиги юборилган расмий нотада содир бўлган воқеа юзасидан қатъий норозилик билдирилиб, Тожикистонни халқаро ҳуқуқ норма ва тамойилларига риоя қилишга чақирилгани ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, Қирғизистон барча айбдорларни жавобгарликка тортиб, Тожикистон ҳарбийларининг иккитарафлама келишувларга зид бўлган мазкур ҳаракатлари тушунтириб берилишини талаб қилган.
Тожикистон Миллий хавфсизлиги давлат қўмитасининг Чегара бош бошқармаси талқини бўйича эса можаро маҳаллий деҳқонлар ва қирғизистонлик чегарачилар ўртасида Қирғизистон томонидан Тожикистон чегарасидаги баҳсли ҳудудда кўприк қуриш ишларининг тикланиши муносабати билан юзага келган. Ўзаро зиддият Қирғизистон чегарачилари томонидан ўқ отилиши билан тугаган. Чегара бош бошқармасининг таъкидлашича, тожикистонлик ҳарбийлар ўт очмаган.
Икки нафар Тожикистон фуқаросининг умрига зомин бўлган мазкур воқеа жорий йилда Қирғизистон — Тожикистон чегарасида қайд этилган учинчи катта отишмадир.
Изоҳ (0)