Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида 20 август куни ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида Президент Ислом Каримовнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини изчил кенгайтиришга янги суръат бағишлаши қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Пекин музокаралари доирасида умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар бўйича 20 дан зиёд ҳужжат, шунингдек, 800 миллион доллар миқдорида савдо шартномалари имзолангани ва шу тариқа жами олти миллиард долларлик келишувга эришилганини таъкидлади.
Ли Кэцян ташриф натижаларини юқори баҳолади ва Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан собитқадамлик билан давом этиб, мустақил тараққиётдан оғишмай юксак натижаларни қўлга киритаётганини қайд этди. Хитой Ўзбекистон билан бундан буён ҳам алоқаларни ўзаро ишонч, ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида ривожлантириб боришга тайёр эканини билдирди.
Томонлар олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов Шэньси провинциясидаги қадим Сиань шаҳрига ташриф буюрди.
Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган 3000 йиллик тарихга эга мазкур шаҳар теграсида кўплаб қадимий мақбаралар, хусусан, император Цинь Шихуандининг терракота армияси билан бирга дафн қилинган мақбараси бор.
Президент Ислом Каримов Сианнинг қадимий обидалари билан танишувни терракота армияси музейидан бошлади. Бу ердаги 8000 дан зиёд аскар, гарчи сополдан бўлса-да, ҳақиқий жанговар от-аравалари ва қурол-аслаҳалари билан ўз даврининг энг қудратли армиясини намоён этади. Ислом Каримов музейнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат битди.
Шундан сўнг, Президент Ислом Каримов Сианда қадимий шаҳар деворини кўздан кечирди.
Деворнинг асосий шарқий дарвозаси олдидаги майдонда энг ҳурматли меҳмонларга кўрсатиладиган иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром маросими ўтказилди – Ўзбекистон Президентига тантанали равишда Сиань шаҳрининг рамзий калити тақдим этилди.
Президент Ислом Каримов Сиань нафақат ўзининг бетимсол обидалари, балки юксалиб бораётган иқтисодий қудрати билан ҳақли равишда Хитойнинг энг диққатга сазовор шаҳарларидан бири эканини таъкидлади.
Шаҳарга ташриф асносида Ислом Каримов Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби — Халқ вакиллари кенгаши раиси Чжао Чжэнюн ва провинция ҳокими Лоу Циньцзянь билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи самарали кечаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Хитойнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, жумладан, Самарқанд билан Сиань ўртасида бевосита ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи асносида Самарқанд ва Сиань ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатиш тўғрисида фикр билдирилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ўз ниҳоясига етди.
Изоҳ (0)