Нанкин — 2014’нинг оғир атлетика бўйича вазни 56 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Адҳамжон Эргашев бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
Умидли спортчи Адҳамжон даст кўтаришда 110 килограмм, силтаб кўтаришда эса 133 килограмм тошни ўзига бўйсундирди ва икки кураш якунига кўра, 243 килограмм натижа билан ўсмирлар олимпиада ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди.
Мазкур мусобақада олтин медалга 283 килограмм натижа (128 кг 155 кг) билан хитойлик Чен Менг сазовор бўлди. Адҳамжон Эргашев каби 243 килограмм натижа (108 кг – 135 кг) қайд этган ветнамлик Нгуен кумуш медаль совриндори бўлди.
Маълумот учун, оғир атлетика спорт турида спортчилар кўрсатган натижа бир хил бўлганда, вазни енгилроқ спортчига юқори ўрин берилади. Мазкур мусобақада кумуш медаль Адҳамжондан 40 грамм енгил бўлган ветнамлик спортчига берилди.
22 август куни оғир атлетика бўйича ўтказиладиган навбатдаги мусобақаларда яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсга киришади. Ўғил болалар ўртасида ўтказиладиган мусобақада Фарҳодбек Собиров (-85 кг) ғолиблик учун кураш олиб борса, қизлар мусобақасида Камила Абдуллаева (+63 кг) иштирок этади.
Изоҳ (0)