14 август куни Сеулда матбуот анжумани ўтказилиб, унда Жанубий Корея терма жамоасига Осиё ўйинларида бош мураббийлик қиладиган Ли Кванг Жонг 23 футболчидан иборат таркибни эълон қилди. У матбуот анжуманини «Бразилия жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизлик аламлари ҳали тарқамади. Биз Осиё ўйинларида фақат олтин медални кўзлаяпмиз», — дея очди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
«1 сентябрдан бошлаб барча футболчилар қўл остимда бўлади ва Пажу терма жамоа машғулот базасида тайёргарликнинг охирги босқичига киришамиз. Биз мусобақа ғолиблигини жиддий мақсад қилганмиз. Шу туфайли ‘Байер Леверкузен’дан Сон Хинг Минни ҳам таркибга қўшишга уриндик. Лекин бунинг иложи бўлмади. Ким Шин Ук (‘Ульсан’), Ким Сеунг Кю (‘Улсан’) ва Парк Жу Ҳо (‘Майнц’, Германия) каби 23 ёшдан катталарни танладик.
Жаҳон чемпионатида қатнашган мазкур футболчиларнинг тажрибалари қўл келишига ишонаман. Шунингдек, таркибимиздан Кей-лиганинг кучли футболчилари ҳисобланган Юн Ир Лок (‘Сеул’), Мун Санг Юн (‘Инчхон Юнайтед’), Ким Сеунг Де (‘Поханг Стилерс’), Ли Жонг Хо (‘Чоннам’) кабилар ҳам жой олган. Бразилиядаги қониқарсиз натижалар бизни ғалабаларга ташна қилди», — деб қайд этди Ли Кванг Жонг.
Бош мураббий турнирдаги рақиблари ва ғолибликка даъвогар жамоалар ҳақида қуйидагиларни айтди:
«Табиийки, Япония ва доим ‘бўйнимиздан бўғадиган’ араб жамоалари — Ироқ, БАА ва Эронни турнир ғолиблиги учун асосий даъвогарлар деб биламан. Ҳа, дарвоқе, бу ёқда Ўзбекистон бор. Уларда ҳам кучли жамоа бор».
Маълумот учун, сентябрнинг охирларида Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида корейслар Сеулда 5 сентябрь куни Венесуэла ва 8 сентябрь куни Уругвай терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирган.
Изоҳ (0)