Россия либерал-демократик партияси (РЛДП) етакчиси Владимир Жириновский Россия Президенти Владимир Путинга янги олий ҳукмдор мансабини таклиф қилди. Мазкур ғояни Жириновский Ялтадаги Дума депутатларининг РФ Президенти билан бўлган учрашувида илгари сурди, деб хабар бермоқда «Дождь» телеканали ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
ИТАР-ТАСС агентлигининг маълум қилишича, РЛДП етакчиси яна бир қанча таклиф, жумладан, Россиянинг уч рангли байроғини қора, сариқ ва оқ рангли империя байроғига, миллий мадҳияни эса «Боже, царя храни» («Худо, подшоҳни асра») қўшиғига ўзгартириш ташаббуси билан чиқди.
Шунингдек, у бошқа мамлакатларни Россия салоҳияти билан қўрқитишга олиб келадиган ҳарбий ғоялари ҳақида ҳам айтган.
«Дождь» телеканали Жириновскийнинг яна бир қанча таклифларини қайд этди. Хусусан, РЛДП янги тарғибот вазири лавозимини ишлаб чиқишни таклиф қилган. Бундан ташқари, у маҳбусларни Луганск ва Донецкни ҳимоя қилишлари учун озод этиш тарафдори эканини маълум қилган.
Владимир Жириновскийнинг кўплаб таклифи тингловчилар кулгуси билан қарши олинди.
Учрашувдан сўнг, Владимир Путин «Владимир Вольфович томонидан айтилган барча таклиф — унинг шахсий фикри ва Россия Федерациясининг расмий позицияси билан ҳар доим ҳам мос тушмайди, лекин улар чиройли» — деб, мамлакатда «сўз эркинлиги» ўрнатилгани боис РЛДП етакчиси уларни бемалол айтиши мумкинлигини қайд этди.
Изоҳ (0)