Жорий йилнинг 16—28 август кунлари Нанкин шаҳрида ўтказиладиган II ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон делегацияси аъзолари 11 август куни Хитойга жўнаб кетди. Спортчилар, анъанага биноан, Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кузатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Маълумки, Нанкин ўйинларининг лицензиялари учун саралаш мусобақалари ўта кучли рақобат остида ўтди ва Хитойга йўл олаётган спортчиларимиз бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг ҳам энг кучли спортчилари десам муболаға бўлмайди, — дейди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев. — Шуни ишонч билан айтиш керакки, ўсмирлар олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган спортчиларимиз Нанкинда ҳам ҳеч кимдан кам эмасликларини яна бир карра намоён этадилар ва Истиқлолнинг 23 йиллик байрамига ўзига хос совғалар билан қайтадилар».
Ўзбекистон делегацияси аъзоларини кузатиш маросимига Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги раҳбарияти, спортчи ва мураббийларнинг оила аъзолари, Республика ОАВ ходимлари ташриф буюрди.
Делегация аъзолари самолёти Сеул (Жанубий Корея) ва Шанхай (Хитой) шаҳарлари орқали Нанкинга етиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Нанкин ўйинларида дунёнинг 204 давлатидан 3787 нафар спортчи дастурдан ўрин олган 30 спорт тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боради. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган 28 нафар спортчи эса спортнинг 14 турида баҳсга киришади.
Изоҳ (0)