Ўтган мавсум Англия чемпиони бўлган «Манчестер Сити» ва Англия Кубоги соҳиби — «Арсенал» «Уэмбли» стадионида Англия суперкубоги учун ўзаро баҳс олиб борди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
«Арсенал» учрашувда бир йўла уч нафар янги ўйинчи — Алексис Санчес, Матье Дебюши ва Калум Чамберсларни асосий таркибда майдонга туширган бўлса, «Сити» дарвозасида Вилли Кабальеро расман дебют қилди.
Ўйин тенг курашлар остида бошланган бўлса-да, дастлабки энг хавфли вазият «Арсенал» дарвозаси олдида содир бўлди. Тезкорлик билан жарима майдонидан бошланган ҳужумни Насри гол билан якунлаши мумкин эди, аммо тўп йўлига лондонликлар ҳимоячиси тўғаноқ бўлди. Аста-секинлик билан ташаббусни ўз қўлига олган «Арсенал» эса 21-дақиқада ҳисобни очди. Санти Касорла қанотда ажойиб тарзда ҳаракат қилди ва ҳимоячини чалғитиб, чап оёқда кучли зарба берди — 1:0.
Шундан сўнг, ташаббус тўла «Арсенал» тарафига ўтгандек кўринди. Арсен Венгер шогирдлари жуда енгил ва тез ҳаракатланаётган бир вақтда, «Сити» футболчилари нисбатан секин ва оғир ҳаракатланди. Орада, Насри ва Наваслар хавфли бурчак тўпларини амалга оширганига қарамай, «Арсенал» Кабальеро дарвозасини иккинчи бор ишғол қила олди. Жарима майдонида чаққон ҳаракат қилган Саного тўпни Ремзининг оёқларига ташлаб берди — 2:0. Қолган дақиқаларда «Сити» ўзига келишга уринса-да, айтарли хавфли вазиятларни ярата олмади ва биринчи бўлим шу тариқа Венгер жамоасининг ишончли ғалабаси билан тугади.
Иккинчи бўлим бошида Венгер Окслейд-Чемберленни майдонга туширди ва лондонликларнинг ўйин темпини сақлаб қолишга эришди. Иккинчи бўлим бошида шунингдек, Оливье Жиру ҳам майдонда пайдо бўлди ва «Сити» дарвозаси олдида босим кучайди. «Шаҳарликлар» тўпни ўз назоратига олишга ва позицион ҳужумлар амалга оширишга ҳаракат қилди, аммо голли вазиятлар деярли содир бўлмади.
Ўйиннинг 61-дақиқасида эса, «Арсенал» ўйин масаласини ҳал қилган голни урди. Оливье Жиру ўзига яратилган имкониятни биринчи уринишдаёқ голга айлантирди.
Қолган дақиқаларда ўйин темпи бироз пасайди ва «Сити» мағлубиятни тан олган ҳолда ўйинни давом эттирди. Арсен Венгер мавсумдаги илк ўйиндаёқ ажойиб жамоа туза олганини кўрсатди. Амалдаги чемпион — «Манчестер Сити» эса бироз ҳорғин кўринди.
Қайд этиш лозим, «Арсенал» Англия Суперкубогини сўнгги бор 2004 йил қўлга киритган эди. Орадан 10 йил ўтиб, Венгер шогирдлари яна суперкубокда зафар қучди.
«Арсенал» — «Манчестер Сити»: 3:0 (2:0) (10 август, «Уэмбли» стадиони)
«Арсенал»: Шченсни, Дебюши, Чемберс, Косьельни (Монреаль 46), Гиббс, Касорла (Росицки 65 (Жоель-Кембел85), Артета, Санчес (Окслейд-Чемберлен 46), Уилшер, Ремзи, Саного (Жиру 46).
«Манчестер Сити»: Кабальеро, Коларов, Боята, Настасич, Клиши, Яя Туре (Джеко 58), Фернандо, Навас (Синклейр 85), Насри (Сильва), Йоветич, Жеко.
Изоҳ (0)