Ўзига боғлиқ бўлмаган нарсага боғлаб туриб, масалан, «Бугун ‘Бунёдкор’ ютқазса, хотиним талоқ бўлсин» деб талоқ қўйса, талоқ тушадими, деб Islom.Uz сайтига савол йўллашди. Берилган жавобга кўра, ўзига боғлиқ бўлмаган нарсага боғлаб туриб талоқ қўйса ҳам, барибир талоқ тушаверади. Бу ҳақда «Кун» хабар берди.
«Ҳаттоки, ҳазиллашиб талоқ қўйса ҳам, рост талоқ қўйган ҳисобланади», — дейилади Islom.Uz’даги жавобда.
Қайд этишларича, бундан мақсад — аёл кишини эрмак қилиш эмас, аксинча, «динни, ўзига берилган масъулиятни эрмак қилган, оилавий турмушни енгил санаган жоҳил эркакни жазолашдир».
«Чунки шаръий ҳукмга кўра, талоққа фақат ночор қолинган ҳолдагина рухсат берилади. Талоқ ҳуқуқининг эркакка берилиши ҳам аслида унинг аёлга нисбатан босиқроқ, мулоҳазалироқ, масъулиятлироқ экани эътиборидандир. Энди эр киши ана шу масъулиятини унутиб, ўзига берилган ҳуқуқни суиистеъмол қилса, унга албатта жазо бериш лозим», — дейилади жавобда.
Айни вақтда, Islom.Uz’нинг қайд этишича, қаттиқ ғазаб туфайли ақли бошидан учган киши эс-ҳушини йўқотиб талоқ қўйса, бу гапи бекор саналади.
«Чунки фуқаҳоларимиз: ‘Осмон билан ернинг фарқига бормайдиган даражада аччиғи чиққан одамнинг талоғи тушмайди’, дейишган», — дейилади Islom.Uz хабарида.
Бундан ташқари, «талоқ» лафзини ичида, ўзига ўзи гапирса-ю, талаффуз қилиб, биров эшитадиган даражада айтмаса, талоқ тушмайди.
Изоҳ (0)