Украинанинг Донбасс шаҳрида номаълум уддабурон фуқаролар томонидан аксилтеррор операция (АТО) зонасига экскурсия уюштириш ҳақидаги эълонлар осиб қўйилди. Бу ҳақда «Сегодня» хабар берди.
«Украина армияси изидан» деб ном берилган саёҳат нафақат Славянск, Краматорск, Красний Лиман, Лисичанск, Северодонецк сингари озод этилган шаҳарлар, балки ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларга ҳам сафар қилишни кўзда тутади.
Экскурсия нархи 1000—8000 гривна (82—652 доллар атрофида) бўлиб, унда қатнашишни истовчилар ҳимоя формаси билан таъминланади. Бироқ эълонда қайд этилган рақам бир неча кундан бери жавоб бермаяпти.
Маълум бўлишича, мазкур саёҳат ҳақида АТО штаби ҳам хабар топган. АТО матбуот офицери Алексей Дмитрашковский саёҳатчилар бузилган уйларни томоша қилиб, харобага айланган бинолар, жумладан Славянскдаги Украина хавфсизлиги биноси олдида суратга тушишини айтиб, бундай экскурсияга ўзининг норози эканини билдирди.
«Агар туристлардан бирортаси гилза ёки снаряд қолдиғини топиб олса, уни трофейдек эъзозлаб, ўзига олиб қолиши мумкин», — деди Дмитрашковский. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, саёҳатни олиб борувчилар «Донецк халқ республикаси» келган вақтда нималар бўлгани, шаҳарларнинг қандай озод этилгани ҳақида айтиб беради.
Бундай экскурсиялар Чернобил ёки Припятга саёҳатдай бўлиб, улар, асосан, хорижликлар учун мўлжалланган.
Донецк таксичиларининг маълум қилишича, улар ҳам шу турдаги саёҳатларни уюштираётган экан. Улардан бири Алексей Кичек бир неча бор одамларни Донецкдан Славянск, Краматорск, Снежное, Торезга олиб бориб, яна қайтиб олиб келганини айтиб берди. «Айримлар ҳали озод этилмаган шаҳарларга ҳам боришни истайди. Мен эса, албатта, рад этаман! Нархларни ҳисоблагич бўйича халқаро тариф — 8 грн/км (0,65 доллар / километр)ни эътиборга олган ҳолда айтаман», — дейди таксичи.
Изоҳ (0)