Жорий йилнинг 21—26 июль кунлари Корея Республикасининг Теджон шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро математика мусобақаси бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ўқувчилар илк бор қатнашиб, жамоавий ҳамда якка тартибдаги баҳсларда иккинчи ўринга сазовор бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жанубий Кореяда бўлиб ўтган мусобақага ёшларни саралаш учун ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган «Билимлар беллашуви» ғолиблари ўртасида икки босқичли танлов ўтказилиб, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи ўқувчилар рўйхати шакллантирилди.
Терма жамоа аъзоларига математик олимлар иштирокида махсус машғулотлар ташкил этилди. Унда ўқувчиларга мураккаблиги юқори бўлган алгебра, геометрия, математик мантиқ, комбинаторика ва тўпламлар назариясига оид масалаларни якка тартибда ва жамоа бўлиб ечишнинг энг илғор усуллари ўргатилди.
Ушбу нуфузли халқаро мусобақада дунёнинг 31 давлатидан 600 га яқин иқтидорли ўқувчи қатнашди. Жамоалар ўртасида ўтказилган билимлар баҳсида Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Сардор Саидқулов, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Жасурбек Имомов, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Юлдуз Неъматова, Бухоро вилояти Олот туманидаги 31-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Даврбек Олтибоев иккинчи ўринни эгаллади.
Якка тартибдаги мусобақада эса Жасурбек Имомов иккинчи ўринга лойиқ топилиб, кумуш медаль билан тақдирланди. Юлдуз Неъматова ҳамда Даврбек Олтибоев махсус сертификатни қўлга киритди. Шу тариқа интеллектуал мусобақада илк бор қатнашган Ўзбекистон ёшлари умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)