Навоий вилояти маҳаллий бюджетининг 2013 йилги ижросини ўрганишда қиймати 508,4 миллион сўмлик солиқ, йиғим ва бошқа тўловлар қўшимча ҳисобланди ва шунинг 429,6 миллион сўми ундирилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
6 та тумандаги «Баркамол авлод» болалар марказларини жиҳозлашда «бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура»ни қалбакилаштириш орқали хусусий корхонага 668,3 миллион сўм бюджет маблағи ўтказилгани, амалда эса 43,5 миллион сўмлик инвентар етказиб берилгани ёки 624,8 миллион сўмлик инвентар етишмаслиги аниқланди.
Шунингдек, вилоят таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагогларнинг маълумотини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳақиқийлигини текшириш чоғида 57 таълим муассасасида ишлаётган 72 нафар педагогнинг дипломи қалбаки экани ва уларга бюджетдан 1693,3 миллион сўм тўлангани аниқланди.
Соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бюджет ва смета-штат интизомига риоя этиш ўрганилганда, текширилган тиббиёт бирлашмаларининг штат жадвалига нормадан ортиқ 8,75 штат бирлиги киритилиши натижасида 63,8 миллион сўм ортиқча тўлаш режалаштирилгани ва шунинг 44,1 миллион сўми тўлангани, ходимлар разрядининг оширилиши оқибатида эса 11,8 миллион сўм бюджет маблағи ортиқча сарфлангани аниқланди.
Изоҳ (0)