Республика Марказий банкида банк тизимининг 2014 йилнинг I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари, Президент Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижросига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажонов олиб борди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,6 фоизни ташкил этаётгани, 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 6,6 триллион сўмдан ошгани қайд этилди.
Мажлис давомида Ўзбекистондаги барча тижорат банклари Fitch Ratings, Moody’s ва Standard & Poor’s каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг «барқарор» рейтинг баҳоларига эга экани, шунингдек, биргина Moody’s халқаро рейтинг агентлиги кетма-кет бешинчи йил Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларини «барқарор» деб эълон қилаётгани таъкидланди.
Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари — «банкларнинг умумий капитали етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича юқори баҳога мослиги маълум қилинди.
2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 88 фоизни ташкил этгани, бу эса 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар зиёд экани қайд этилгач, жорий йилнинг иккинчи ярмида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)