Америкалик миллиардер Тим Дрейпер ўзи олға сурган, Калифорнияни алоҳида олти штатга бўлиш ғояси учун 1,3 миллионта имзо йиғишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда у сешанба куни Калифорния штатининг пойтахти Сакраменто шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилди, деб хабар берди ИТАР-ТАСС.
Миллиардер илк бор 2013 йил декабрь ойида Калифорнияни Кремний водийси («Кремниевая долина»), Жанубий Калифорния, Ғарбий Калифорния, Марказий Калифорния, Шимолий Калифорния ва Жефферсон штатларига бўлиш таклифи билан чиқиб, кампания учун 4,9 миллион доллар ажратган.
Дрейперга ҳамфикр гуруҳнинг ахборот беришича, кампания беш ой мобайнида штатдаги 58 округнинг овоз бериш ҳуқуқига эга жами 1,3 миллион аҳолисидан имзо олишга муваффақ бўлди. Қайд этиш жоиз, Калифорния аҳолиси 38 миллион кишини ташкил этиб, 23,9 миллион нафари овоз бериш ҳуқуқига эга.
Дрейпернинг сўзларига кўра, бу ғоянинг амалга ошиши «битта самарасиз ҳукуматни олтита кучли штатга айлантириш»га ёрдам беради. Мазкур ғоя масаласини умумхалқ овозига қўйиш учун унга 808 минг имзо йиғиш лозим бўлган.
Референдум 2016 йилда ўтказилиши мумкин. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, ғоя АҚШ Конгресси томонидан қўллаб-қувватланмайди. Бундан ташқари, февралда ўтказилган сўровномага кўра, аҳолининг 59 фоизи Калифорниянинг бирлиги сақлаб қолиниши учун овоз берган.
Изоҳ (0)