Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилган анъанавий халқаро турнирда Ўзбекистон спортчилари битта олтин, битта кумуш ва тўртта бронза медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Stadion.uz хабар берди.
Кубалик чарм қўлқоп усталари битта олтин, иккита кумуш, учта бронза медаль билан иккинчи ўринни банд этган бўлса, еттита олтин, тўртта кумуш ва олтита бронза медалга сазовор бўлган қозоғистонликлар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига олтин медални Шаҳобиддин Зоиров (52 кг гача оғирлик) келтирди. Кумуш медаль Ҳасанбой Дўсматовга (49 кг гача) насиб этган бўлса, Элнур Абдураимов (60 кг гача), Исроил Мадримов (69 кг гача), Хуршидбек Норматов (75 кг гача) ва Рустам Тўлаганов (91 кг гача) бронза медаль соҳиби бўлди.
Эслатиб ўтамиз, «Қозоғистон Республикаси Президенти Кубоги» IV Халқаро турнири Олма-Ота шаҳридаги Балуан Шолак номидаги Спорт саройида 7—14 июль кунлари бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)