7 июлда бошланган «Россия — Корея 2014» халқаро автомобиль пойгаси иштирокчилари 13 июль кечқурун Тошкентга кириб келди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Пойга иштирокчилари икки кун — 14—15 июлда Тошкентда ҳаракатланиб, 16 июль куни йўналишдаги кейинги нуқта томон йўл олади.
«Россия — Корея 2014» автомобиль пойгаси кореяликларнинг ўз ихтиёри билан Россияга кўчганининг 150 йиллиги ҳамда Россия ва Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 130 йил тўлгани муносабати билан ташкил этилди.
Пойга ташкилотчилари: Россиянинг Минтақавий ривожланиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм бўйича федерал агентлик, Рус географик жамияти, Кореяликларнинг Бутунроссия бирлашмаси, Россиядаги КХДР, Корея, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаларининг элчихоналари ҳамда Москва вилоятидаги кореяликларининг миллий-маданий мухторияти.
Пойгани ташкиллаштириш музокараларида Россия дипломатияси, КХДР ва Корея Республикаси яхши ният ташкилотлари ҳамда Россияда истиқомат қилувчи кореяликлар халқ дипломатияси муҳим рол ўйнади.
Эслатиб ўтамиз, пойга қатнашчилари бир ярим ой мобайнида Москва — Тошкент — Олма-Ота — Новосибирск — Владивосток — Пхенян — Сеул йўналишида ҳаракатланади.
«Россия — Корея 2014» халқаро автомобиль пойгаси 25 августда ўз ниҳоясига етади.
Изоҳ (0)