Британиянинг Daily Mail нашри жаҳон чемпионатида иштирок этаётган икки ҳакамнинг келишилган ўйинларга алоқадорлиги ҳақида хабар тарқатди, деб ёзади Stadion.uz.
Унга кўра, Daily Mail газетасининг 6 июль, якшанба сонида икки ҳакамнинг гумон қилинаётгани айтилган. Нашр манбасининг хабарига кўра, ФИФА мусобақа давомида бу ҳақида маълумотга эга бўлган ва гумондорларнинг илгариги ўйинлардаги ҳолатлари бўйича далиллар бор.
Daily Mail нашрида эълон қилинган мазкур мақолада ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг ҳам сурати чоп этилган бўлиб, унинг тагига «Икки ҳакам келишилган ўйинларда гумон қилинмоқда, Равшан Эрматов улар орасида эмас» деб ёзиб қўйилган.
ФИФА миллий ассоциациялар ва ҳамкорлари орқали бутун дунёда коррупцияга қарши мунтазам равишда маълумот тўплаб келади. Кейинги йилларда бу жараён аввалгиларга қараганда тезлашди. Бироқ, таъкидлаш лозимки, маълумотлар Бразилиядаги ФИФА хавфсизлик тизимига келиб тушгунча бу икки ҳакам ўйинларни бошқаришга улгурган.
Гумон қилинаётганлар «Иккилик зарба» усулидаги ставкаларга эга бўлган тарихий ўйинларни бошқаргани айтилмоқда. ФИФА Daily Mailга якшанба куни бу борада «Бизда жаҳон чемпионатининг бирдамлигига путур етказадиган ҳеч қандай далил йўқлигини эътирof этамиз», дея жавоб берган. Бироқ, маълумотни рад этиш ёки унинг жиддийлигини эътирof этиш ҳолати кузатилмади.
«Умуман олганда, биз турнир давом этаётган бир пайтда ҳакамлар устидан ҳар қандай текширувлар олиб бориш ва бу билан мусобақага путур етказувчи ҳолатларни изоҳлашга ва бу борада маълумот беришга мажбур эмасмиз», — деди ФИФА матбуот котиби.
Таъкидлаш лозимки, турнир давомида Германиянинг Der Spiegel журнали томонидан эълон қилинган ҳибсга олинган келишилган ўйинлар ташкилотчиси Уилсон Раж Перумалнинг Камерун ва Хорватия термалари ўйини келишилганлиги ҳақидаги фикри тарқалди. Бироқ, Перумалнинг ўзи немис нашрига бу маълумотни бермаганини, Der Spiegel эса буни айнан унинг ўзи айтганини такрорламоқда. ФИФА Der Spiegelдан бу ҳақида расман далиллар кўрсатишни талаб қилди.
Изоҳ (0)