Ҳиндистон ҳукумати дунёдаги энг баланд ҳайкал қурилиши учун 2014—2015 йил давлат бюджетидан 33 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Арун Жейтлининг бюджет ҳақидаги баёнотига асосланиб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Ҳиндистон мустақиллиги учун курашган жангчи ва мамлакатнинг биринчи ички ишлар вазири — Сардор Валлабхаи Пател (1875—1950) шарафига қурилиши режалаштирилаётган ҳайкалнинг баландлиги 182 метр (АҚШдаги 93 метрли «Озодлик» ҳайкалидан икки марта баланд)ни ташкил этади.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳайкал қуриш лойиҳасини амалга оширишни 2014 йил май ойида ҳукумат раҳбари этиб тайинланишидан ярим йил аввал — Гужарат штати бош вазири бўлган вақтида бошлаган. Монумент айнан шу штатга ўрнатилиши режалаштирилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳайкал қурилиши 338 миллион доллар талаб қилади. Харажатлар Гужарат штати бюджети ҳамда хайрия жамғармалари томонидан қопланади.
Лойиҳанинг бир қисми — 33 миллион доллари давлат бюджети томонидан молиялаштирилиши ҳақидаги хабар ҳинд жамиятига турлича таъсир қилди. Айримлар ҳукумат томонидан аёллар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам шундай миқдорда пул ажратилиши, таълим олиши учун эса бундан икки баробар кам маблағ берилишини таъкидлаб, қарорга қарши чиқди.
Изоҳ (0)