Бундан бироз вақт муқаддам ФИФА жаҳон чемпионати финалини бошқариши мумкин бўлган 15 нафар ҳакамнинг номини маълум қилган эди. Ҳозир бу рўйхатдан мексикалик Родригес ва туркиялик Жунайт Чақирни бемалол ўчириб ташлаш мумкин. Бу ҳакамлар жаҳон чемпионатининг ярим финал баҳсларини бошқариш бахтига муяссар бўлди, деб ёзади Uff.uz Rg.ru интернет нашрида чиққан таҳлилий мақолага таяниб.
Энди футбол мухлисларини бошқа савол қийнайди: финални ким бошқарар экан? Табиийки бу саволга жавоб бериш қийин, аммо ФИФА ҳакамлар қўмитаси раҳбари Массимо Бузакканинг айтишича, мундиалнинг энг масъулиятли учрашувини бошқаришга муносиб ҳакамлар саралаб олинган.
Бузакканинг ишончи
Массимо Бузакка бу ҳақида қуйидагича фикр билдириб ўтган:
— Жаҳон чемпионати финалини бошқаришга номзодларнинг барчаси етарлича савияга эга ва руҳан кучли. Шу билан бирга айтиш мумкин, ФИФА ҳакамлари ўзаро курашдалар ва буни ўзлари ҳам яхши биладилар. Рақобат жуда кучли. Ҳар қандай кичик хато ҳакамлар фаолиятига нуқта қўйиши мумкин. Шундай экан, ҳеч ким келажагини хавф остига қўймаслиги аниқ.
Финални бошқаришга даъвогарларни қандай саралаб олдик? Ҳаммаси жуда оддий — мусобақа бошланган заҳотиёқ бизнинг қўмитамиз барча ҳакамлар ва уларнинг ёрдамчиларини мониторинг қилиб бордилар. Натижада жисмоний, тиббий ва техник томондан бизга тўғри келадиган ҳакамларни саралаб олдик. Бизда ажойиб профессионаллар бор ва уларнинг ҳар бири «Маракана»даги ўйинни бошқаришга ҳақлидир...
Номзодлар
Биз юқорида Родригес ва Жунайт Чақир ярим финалда ишлагани туфайли финални бошқарувчилар рўйхатидан ўчирилганини айтдик. Ҳозирда қуйидаги ҳакамлар финал учун курашда давом этмоқдалар:
Осиёдан икки нафар ҳакам: Юичи Нишимура ва Равшан Эрматов. Африкадан: Нуманде Дуэ (Кот-д Ивуар) ва Жамел Хаимуди (Жазоир). Шимолий ва Марказий Америка: америкалик Марк Гейгер. Жанубий Америка: Энрике Оссес (Чили), Сандро Риччи (Бразилия) ва Карлос Вера (Эквадор).
Энг кўп даъвогар ҳакамлар эса Европадан бўлиб турибди: Ёнас Эрикссон (Швеция), Педру Проэнса (Португалия), Никола Рицсоли (Италия), Карлос Веласко Карбало (Испания) ва Ховард Уэбб (Англия).
Аргентина нима учун Эрматовдан қўрқади?
Тошкентлик 36 ёшли ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ҳозирданоқ Бразилиядаги жаҳон чемпионатини ўз ҳисобига ёзиб қўйиши мумкин. Айнан мана шу мусобақада у жаҳон чемпионатлари учрашувларини бошқариш борасида рекорд ўрнатди. Равшан Эрматовнинг фаолияти давомида мундиал баҳсларининг ҳисоби 9 тага етган. Шу тариқа у мундиалларда 8 тадан учрашув бошқарган француз Жоэл Кино, уругвайлик Хорхе Ларриондо ва мексикалик Бенито Арчундияларни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Бразилиядаги мусобақада Равшан Эрматов Эквадор — Швейцария, Мексика — Хорватия, АҚШ — Германия ва Голландия — Коста-Рика учрашувларини бошқаришга улгурди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, жаҳон чемпионатининг кичик можароси ҳам Равшан Эрматов номи билан боғлиқ бўлиб турибди. Гап шундаки Аргентина терма жамоаси нимчорак финалда Швейцарияга қарши кечган учрашувни бошқариш учун Равшан Эрматов тайинланганини билгач, норозилик билдирган ва ҳакамни ўзгартиришни талаб қилган эди.
«Албиселеста» вакиллари кутилмаганда 2010 йилда Германияга қарши кечган ва Аргентинанинг анчайин аламли мағлубияти билан якунланган учрашувини айнан Равшан Эрматов бошқарганини эслаб қолдилар. Ўз навбатида ФИФА ҳам уларни «тўғри тушунди» ва Эрматовнинг ўрнига швециялик Эрикссонни тайинлади. Аммо бундан аргентиналикларга осон бўлди дейиш қийин. Ўша учрашувда жанубий америкаликлар мўъжизавий гол туфайли ғолиб чиққан эдилар.
Равшан Эрматов эса айнан ЖАРда кечган жаҳон чемпионатидаги ҳакамлиги билан танилган эди. Ўшанда у ҳақида илк бора экстра-класс ҳаками сифатида гапира бошлагандилар. Эрматов ЖАРга энг ёш ҳакам сифатида ташриф буюрган эди. Аммо ўшандаёқ Осиёнинг энг яхши ҳаками, деган эътирофга эга эди. Эрматов мундиалда ҳам ўзини йўқотиб қўймади, ажойиб иши билан тезда тилга тушди ва жаҳон чемпионатининг бешта ўйинини бошқарди. ЖАР ва Мексика ўртасида кечган очилиши учрашувини алоҳида эслаш лозим.
Принципга қатъий амал қиладиган, инглиз тилини ажойиб тарзда ўзлаштирган ва қатъий ҳакамни тезда йирик мусобақаларга таклиф қила бошладилар. Эрматов Лондондаги мусобақада учта ўйинни бошқарди, шунингдек 2013 йилда Конфедерациялар Кубогида ҳам ишлади. Мутахассислар Равшан Эрматов ўйинни жуда яхши ўқиши, темир иродаси ва қатъийлигини юқори баҳолайдилар. Шу вақтга бирор футболчи уни алдай олмаган. Шу сабабли футболчилар ундан ҳатто бироз қўрқадилар ҳам. Масалан, бутун бошли Аргентина терма жамоаси ундан ҳадиксираб туради.
Изоҳ (0)