Дўстини операция қилиш учун катта миқдорда пул кераклигини эшитган етти ёшли болакай пул йиғишга қарор қилади. Бу ҳақда Mashable нашрига таяниб, Tjournal.ru хабар берди.
Нашрда қайд этилишича, Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида истиқомат қилувчи Куин Каллендернинг дўсти Брейден Грозданич болалар мия (церебрал) фалажи оқибатларидан жабр кўрмоқда. Брейденнинг операциясига пул топиш мақсадида Куин аввалига дўстлари билан озиқ-овқат дўкони ёнига пештахта ўрнатиб, уйда тайёрланган лимонад сотади. Болакайларни маҳаллий аҳоли билан бир қаторда Брейденнинг отаси билан ишловчи ўт ўчирувчилар ҳам қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, Куин ота-онасининг ёрдами билан youcaring.com сайтида crowdfunding — молиялаштиришда халқ кўмаклашадиган кампанияни ишга туширади. Сайтда Куин АҚШда 20 минг доллар нарх билан белгиланган мазкур операция дўстининг мушакларига эластикликни қайтариб, тортишиб қолишни тўхташи мумкинлигини ёзади.
Касаллик билан оғриган боланинг отаси Трэвиснинг айтишича, операцияни Канадада ҳам қилса бўлади, бироқ кейин Брейден бир умр ногиронлик аравачасига михланиб қолиши мумкин.
Краудфандинг кампаниясида ҳозирга қадар тўпланган маблағ 53 минг доллар (кутилгандан 2,5 марта кўп)дан ошди. Операция учун пул йиғиш август ойининг бошига қадар давом этади.
Изоҳ (0)