Давралар оралиғидаги танаффус вақтида Тошкентнинг «Локомотив» клуби Австрия мамлакатида йиғин ўтказишни режалаштирган. Ундан имкон қадар максимал фойдаланишни ният қилган клуб йиғин давомида Европанинг бир неча таниқли клублари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш борасида келишган. Бу ҳақда Lokomotiv.uz хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, «Локомотив» «Боруссия» клуби билан ўртоқлик ўйинини ўтказиши ҳақида маълумот берилган эди.
14—29 июль кунлари давомида Австрияда бўладиган «Локомотив» клуби у ерда тўртта ўртоқлик учрашуви ўтказади. Хусусан, 17 июль куни Чехиянинг «Брюн» клубига қарши майдонга тушади.
Орадан икки кун ўтиб, 19 июль куни эса ушбу йиғиндаги энг муҳим ўртоқлик учрашувларидан бири ташкил этилади. Унда Вадим Абрамов бошчилигидаги «темирйўлчилар» Бундеслига вакили, Европа Чемпионлар Лигаси 2012—2013 йилги мавсум финалчиси ва бугунги кунга келиб Европанинг гранд клублари қаторига кириб улгурган — Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши майдонга тушади. Жамоалар ўртасидаги келишувга кўра ҳар икки жамоа таркибида ўша вақтда майдонга тушишга тайёр бўлган энг яхши футболчилар майдонга туширилиши таъкидланиб ўтилган.
Шундан сўнг «Локомотив» 22 июль санасида Москванинг «Торпедо»сига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Сўнгги назорат ўйини эса 25 июль санасига режалаштирилган бўлиб, унда Абрамов шогирдлари Германиянинг бошқа бир клуби — «Фрайбург»га қарши ҳаракат қилади.
Изоҳ (0)