Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида 2014/2015 ўқув йили учун қабул жараёни бошланди, деб хабар беради ЎзА.
Мамлакатдаги нуфузли ўқув юртларидан бўлган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қабулнинг биринчи куниданоқ ўз билимига ишончи мустаҳкам ёшлар, уларни руҳан ва маънан қўллаб-қуввватлаб турган ота-оналар билан ҳар йилгидан-да гавжум.
Шу ернинг ўзида абитуриентларга ҳужжат топшириш жараёнида зарур бўладиган ўқув қуроллари савдоси, суратга олиш, овқатланиш, кутувчиларнинг дам олиши учун махсус жойларнинг ташкил қилинди.
– Қабул жараёни Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 30 апрелдаги Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилмоқда, – дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Икром Турсунов. – Таълим муассасамизда қабул комиссияси фаолияти, абитуриентлардан қабул қилинган ҳужжатлар ҳамда бошқа зарур маълумотни жойлаштириш учун махсус эълон тахталари ташкил этилган ва улар ҳар куни янгилаб борилади. Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга тезкор жавоб бериш мақсадида «ишонч телефонлари» ишлаб турибди.
Тошкент архитектура-қурилиш институтида ҳам абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилиш жараёни намунали ташкил этилган. Ота-оналар учун ландшафт дизайни асосида барпо этилган кичик майдонча таълим даргоҳи ва бу ердаги илмий-ижодий муҳит ҳақида дастлабки тасаввурни беради.
– Набирам Дилноза бинолар дизайнини чизишга, макетлар ясашга қизиқади, – дейди ўзини Зулфия Фармонова дея таништирган онахон. – Коллежни тамомлагач, шу таълим муассасасига ҳужжат топширишга қарор қилди. Баъзи таниш-билишлар ичида «Қиз болага архитектор бўлишни ким қўйибди?» деганлар ҳам бўлди. Бироқ биз унинг ўз қизиқишидан келиб чиқиб танлаган бу қарорини қўллаб-қувватладик. Негаки, ўзи танлаган касбга меҳри юксак бўлган талабадан келажакда малакали ва етук мутахассис етишиб чиқади.
Таъкидлаш жоиз, 2012 йилда барча олий таълим муассасаларига 432 минг абитуриент ҳужжат топширган бўлса, 2013 йилда 480 мингдан зиёд йигит-қиз университет ёки институтда ўқиш иштиёқини билдирган.
Изоҳ (0)