Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги Боғизағон почта алоқа бўлим бошлиғи Мафтуна Қурбонова шу ернинг собиқ раҳбари Алишер Абдуназаров билан ўзаро келишиб, 2013 йилнинг март ойида Б. Исохонованинг 155 минг сўмдан ортиқ ва апрель ойи учун 107 нафар фуқаронинг 15,4 миллион сўмдан зиёд пенсия пулларини талон-тарож қилган. Фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган пуллар жами 15,6 миллион сўмни ташкил қилган. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар берди.
Суд ҳукми билан Мафтуна Қурбонова 1 йил-у 6 ойга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. Алишер Абдуназаров эса уч йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳамда беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)