Нукусда ўсмирлар ва қизлар ўртасида «Маҳалламиз паҳлавонлари» спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 100 нафарга яқин курашчи уч вазн тоифасида гиламга чиқди.
– Ёшларнинг ёзги дам олиш кунларини мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақанинг шаҳар ва туман босқичларида 4 мингдан зиёд спортчи иштирок этди, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи ўринбосари Азамат Қалбоев.
Қизиқарли беллашувларга бой бўлган мусобақада Нукус шаҳридан Аҳтам Валиберганов, Хўжайли туманидан Руслан Қозоқбоев ва Нукус туманидан Зокир Заитов, қизлар баҳсида Нукус туманидан Назира Алламжарова, Гўзал Болтабоева ва Индира Елмуратова ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Изоҳ (0)