Тошкентда шахмат бўйича биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган Ташкент Опен ВИИИхалқаро турнири якунланди, деб хабар берди ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада АҚШ, Испания, Россия, Беларусь, Грузия, Арманистон, Украина, Ҳиндистон, Ироқ, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатлардан 100 нафардан зиёд шахматчи ғолиблик учун баҳслашди.
Швейсарча усулда тўққиз турдан иборат мусобақада 7,5 очко жамғарган ҳиндистонлик Абҳижит Гупта биринчи ўринни эгаллади.
– Турнир юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди Абҳижит Гупта. – Мусобақа давомида ўзбек шахматчилари, айниқса, ёш истеъдод эгаларининг ўйини менда катта таассурот қолдирди. Бу Ўзбекистонда барча спорт турлари қатори шахматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганидан далолатдир.
Тўққиз имкониятдан еттитадан очко жамғарган украиналик Юрий Кузубов, грузиялик Михаил Мчедлишвили, россиялик Павел Смирнов, арманистонлик Арман Пашикян кучли бешликдан жой олди.
Ташкент Опен ВИИИхалқаро турнири истеъдодли шахматчиларимиз учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади. Турнирда кучли ўйин кўрсатган Сарвиноз Қурбонбоева, Нафиса Мўминова ва Баҳора Абдусатторова қизлар ўртасида энг юқори натижани қайд этган бўлса, ўсмирлар ўртасида энг кўп очко жамғарган Бобур Сатторов, Одил Раҳмон ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам шахмат мутахассислари ва мухлисларининг эътиборини қозонди.
Изоҳ (0)