Чирчиқда «Ёш чегарачилар» анъанавий ҳарбий-ватанпаварлик мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ва Республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ташкил этилди.
Бу галги «Ёш чегарачилар» беллашувлари Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
Икки ой давом этган беллашувларда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 5 минг нафардан зиёд ўқувчи финал босқичига чиқиш учун курашди. 130 нафар иштирокчи республика босқичига йўлланма олди. Улар ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, биринчи тиббий ёрдам, тарих, чет тиллари, ҳарбий-амалий кўникмалар каби 17 йўналишда ўз билим ва маҳоратини намойиш этди.
Сурхондарё вилоятининг «Бургут» жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринга Фарғона вилоятининг «Ёш чегарачилар» жамоаси лойиқ деб топилган бўлса, учинчи ўрин Бухоро вилоятининг «Қалқон» жамоасига насиб этди.
– Сўнгги уч ой давомида жамоамиз танловга пухта тайёргарлик кўрди, – дейди «Бургут» жамоаси етакчиси Элбек Тоштемиров. – Ушбу ғалаба бизни янги марралар сари руҳлантиради.
Тадбир якунида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)