Daryo

Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши кураш ҳали якунланмаганини таъкидлади

Ливанда 10 кунлик оташкесим кучга кирган. Шунга қарамай, мудофаа вазири чегара ҳудудларини “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасидан тозалаш давом этишини айтди.

1 дақиқа ўқиш3 123 кўришлар0 изоҳ2

Ливан ва Исроил ўртасида 17 апрель куни 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирди. Шунга қарамай, Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши курашни ҳали тугатилган деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исроил Кацга таяниб Al Arabiya хабар берди.

Кацнинг сўзларига кўра, Ливандаги қуруқликдаги амалиётлар ва гуруҳга берилган зарбалар туфайли кўплаб натижалар қайд этилди, бироқ мақсадларга тўлиқ эришилмади.

“Хавфсизлик зонаси ва Литани дарёси чизиғи орасидаги ҳудуд ҳозирда бизнинг назоратимизда, аммо у ҳали террорчилар ва қуроллардан тўлиқ тозаланмаган”, деди вазир.

Унинг таъкидлашича, ушбу ҳудудни тозалаш ишлари ёки дипломатик йўл билан, ёки сулҳ тугагач, ҳарбийлар томонидан амалга оширилади.

Аҳолига огоҳлантириш

Сулҳ кучга кириши билан минглаб ливанлик қочқинлар жанубдаги уйларига қайтишни бошлади. Бироқ мудофаа вазири уларни огоҳлантирди.

“Агар жанглар қайта бошланса, хавфсизлик зонасига қайтган аҳоли яна эвакуация қилиниши керак бўлади. Бу ҳарбий вазифани тўлиқ бажариш учун зарур бўлади”, деди у.

Сулҳнинг муҳим бандлари

АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган сулҳ тафсилотларига кўра, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Яъни, кутилаётган ёки давом этаётган ҳужумларнинг олдини олиш учун “Ҳизбуллоҳ”га зарба беришда давом этиши мумкин.

Бундан ташқари, Исроил чегарада ўзи ўрнатган 10 километрлик хавфсизлик зонасини сақлаб туради. Исроил Кацнинг айтишича, бу зонада аҳоли яшамайди ва у ерда “террорчилар инфратузилмаси”ни, жумладан, базага айланган қишлоқлардаги уйларни вайрон қилиш давом этади.

Сулҳ шартларига кўра, Ливан ҳукумати халқаро ҳамжамият кўмагида “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга ҳужум қилишига йўл қўймаслик учун аниқ чоралар кўриши лозим.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар