Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 31 март куни Ливан билан чегара яқинидаги қишлоқларда жойлашган барча уйлар бузиб ташланишини маълум қилди. Исроил шимолида хавфсизлик тўлиқ таъминланмагунча, мамлакат жанубини ташлаб кетган 600 минг аҳолининг ўз уйларига қайтишига рухсат берилмайди.
Кац Ливан жанубида буфер зона ташкил этиш режаларини яна бир бор тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши уруш якунлангач, Исроил Литани дарёсигача бўлган ҳудуд устидан назоратни ўзида сақлаб қолади.
Литани дарёси Исроил чегарасидан 30 километр шимолда Ўрта Ер денгизига қуйилади. Дарё билан Исроил чегарасидаги ҳудуд Ливан умумий майдонининг қарийб ўндан бир қисмини ташкил этади.
Исроил расмийси чегарадаги хавфни бутунлай йўқ қилиш учун Ғазо секторидаги Рафаҳ ва Байт Ханун шаҳарларида қўлланган усулдан фойдаланишини таъкидлади:
“Чегара яқинидаги қишлоқларда жойлашган барча уйлар вайрон қилинади. Бу шимолий ҳудудларимиз аҳолиси учун хавфни бутунлай бартараф этиш мақсадида амалга оширилади”, деди Кац.
2 март куни Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши бошлаган кенг кўламли ҳужумидан буён Ливанда 1,2 миллиондан ортиқ киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди, 1200 дан зиёд киши ҳалок бўлди.
Ливан ижтимоий ишлар вазири Ҳанин Сайид Reuters агентлигига берган интервьюсида Исроилнинг қуруқликдаги операциясини “ерларни тортиб олиш” деб атади ва бу ливанликларнинг узоқ муддатли қочқинликда қолиб кетиш хавфини кучайтираётганини билдирди.
Таъкидланишича, Исроил кучларининг асосий вазифаси “Ҳизбуллоҳ”нинг жанубга сизиб кирган элита “Радван” бўлинмаси жангчиларини йўқ қилиш ва барча қурол-яроғларни мусодара қилишдир.
“Операция якунида Исроил мудофаа армияси Ливан ичкарисида хавфсизлик зонаси — танкка қарши ракеталардан ҳимоя чизиғини яратади. Литани дарёсигача бўлган барча ҳудуд, жумладан, дарё устидаги қолган кўприклар ҳам назоратимизда бўлади”, дейилади расмий баёнотда.
Исроил ҳарбий матбуот котиби — подполковник Надав Шошани можаро бошлангандан бери “Ҳизбуллоҳ” Исроил томон деярли беш мингта дрон, ракета ва снаряд отганини маълум қилди. Бу 2024 йилдан бери Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги иккинчи йирик тўқнашувдир.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотларга кўра, Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлган 1 268 кишининг 125 нафари болалар, 52 нафари эса тиббиёт ходимларидир. Ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ”нинг 400 дан ортиқ аъзоси йўқ қилингани айтилмоқда. Исроил томони эса жангларда 10 нафар аскарини йўқотганини расман тасдиқлади.








