Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) 3 апрель куни тарқатган баёнотида “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан жанглар бошланганидан буён ўтган бир ой давомида Ливан бўйлаб 3500 дан ортиқ нишонга ҳужум қилинганини билдирди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Ливан 2 март куни Эрондаги уруш гирдобига тортилган эди. Ўшанда Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлимига сабаб бўлган АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужуми учун қасос олиш мақсадида Исроил ҳудудига ракеталар учирган эди.
Исроил бунга жавобан Ливан бўйлаб шиддатли ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги ҳарбий операцияларни бошлади. ЦАХАЛнинг маълум қилишича, сўнгги бир ой ичида Ливанда мингга яқин жангари йўқ қилинган. Берилган зарбалар асосан “Ҳизбуллоҳ”га тегишли қуйидаги объектларни нишонга олган:
- “террорчилик” инфратузилмалари;
- қурол-яроғ омборлари;
- ракета учириш позициялари;
- қўмондонлик ва назорат штаб-квартиралари.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 апрель куни тақдим этган маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён мамлакатда 1 345 киши ҳалок бўлган ва 4 040 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида 1 129 нафар эркак, 91 нафар аёл ва 125 нафар бола бор.
Шунингдек, қурбонлар сафида 53 нафар тиббиёт ходими ҳам мавжуд. “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи эса ҳозирча ўз сафидаги йўқотишлар борасида расмий маълумот бермади.
Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 2 апрель куни “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Наим Қосимни яҳудийларнинг байрамлари вақтида ҳужумларни кучайтиргани учун ўта оғир товон тўлаши ҳақида огоҳлантирди.
“Сиз раҳбарлик қилаётган ‘Ҳизбуллоҳ’ террорчилик ташкилоти ва унинг Ливандаги тарафдорлари барча оғир оқибатлар учун тўлиқ жавобгар бўлади”, деди Кац.
Ушбу баёнот “Ҳизбуллоҳ” томонидан Исроил шимолига, айниқса, яҳудийлар Пасха байрамини нишонлашни бошлаган вақтда амалга оширилган ракета ҳужумларидан сўнг янгради.
Кац, шунингдек, Исроил кучлари Ливан жанубини “Ҳизбуллоҳ” ва унинг тарафдорларидан тозалашини, Литани дарёсигача бўлган ҳудудда хавфсизлик назоратини ўрнатишини ва гуруҳнинг бутун Ливан бўйлаб ҳарбий салоҳиятини бутунлай йўқ қилишини яна бир бор таъкидлади.
Вазир 31 март куни ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқиб, Ливан билан чегара яқинидаги қишлоқларда жойлашган барча уйлар бузиб ташланишини айтганди. Таъкидланишича, Исроил шимолида хавфсизлик тўлиқ таъминланмагунча, мамлакат жанубини ташлаб кетган 600 минг аҳолининг ўз уйларига қайтишига рухсат берилмайди.








