Исроил мудофаа вазири 1 июнь куни баёнот бериб, агар “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни давом эттирса, Байрутда тинчлик бўлмаслигини айтди. Исроил Кац Ливан жанубидаги Литани дарёси ҳудудида ҳарбий назорат остидаги зона яратишга ваъда берди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
“Байрутдаги Даҳиянинг Исроил шимолидаги аҳоли пунктларидан фарқи йўқ. Агар шимолда тинчлик бўлмаса, Байрутда ҳам тинчлик бўлмайди”, деди Исроил Кац ўз идораси тарқатган баёнотда.
Даҳия – “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрут чеккасидаги таянч пункти ҳисобланади. Кац 1 июнь куни эрта тонгда ушбу ҳудудга зарба беришни буюрган эди.
“Шу билан бирга, Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ливандаги ‘Ҳизбуллоҳ’ террорчилари ва инфратузилмасига қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда. Мақсад хавфни Исроил қўшинлари ва аҳолисидан узоқлаштиришдир. Шунингдек, Литани ҳудудини қурол ва террорчилардан холи бўлган, ЦАХАЛ хавфсизлик назорати остидаги зонага айлантириш кўзланган”, деб қўшимча қилди Кац.
17 апрель куни ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирган эди. Шундан сўнг Исроил Ливан ҳудуди ичкарисида, ўзининг шимолий чегарасидан ўнлаб километр узоқликда “сариқ чизиқ” ўрнатди.
Ўтган ҳафтада Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги Заҳрани дарёсидан пастдаги барча ҳудудларни “жанговар зона” деб эълон қилди. Бу ҳудуд чегарадан қарийб 40 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Сур ва Набатия шаҳарларини ҳам ўз ичига олади. Ҳарбийлар аҳолига ушбу жойларни тарк этишни буюрди.
Исроил армиясининг араб тилида сўзлашувчи вакили Авихай Адраи ҳам 1 май куни янги баёнот берди. Унга кўра, армия Заҳрани дарёсидан шимолдаги яна еттита шаҳарча ва қишлоқ аҳолисига уйларини кўчириш ҳақида буйруқ берган. Ливан президенти Жозеф Аун эса ўз мамлакати “Исроилнинг шафқатсиз ва қораланиши керак бўлган тажовузига” дуч келаётганини айтди.
Бундан олдин Исроилнинг икки вазири Ливанни электр энергиясидан узиш ва Байрутдаги ўнлаб биноларни вайрон қилишга чақирганди. Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” бир-бирини ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини бузишда мунтазам равишда айблаб келмоқда.








