Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 22 март куни ҳарбийларга Ливан жанубидаги кўприклар ва уйларни йўқ қилиш суръатини ошириш ҳамда қуруқликдаги ҳужумларни кенгайтириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Генерал-лейтенант Эял Замир ўз баёнотида “Ҳизбуллоҳ”га қарши амалиётлар ҳали якунланмаганини таъкидлади.
“Бу узоқ давом этадиган операция. Биз ҳозирда уюштирилган режа асосида қуруқликдаги мақсадли ҳужумлар ва зарбаларни илгари суришга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Сўнгги ҳафталарда салмоқли ютуқларга эришдик: 2000 дан ортиқ нишонга зарба берилди, ўнлаб қурол-яроғ омборлари йўқ қилинди ва юзлаб террористлар маҳв этилди. Чегарадан таҳдид бартараф этилмагунча ва Исроил шимоли аҳолиси хавфсизлиги таъминланмагунча тўхтамаймиз”, деди Замир.
Ливан ҳукумати маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган, 1000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Исроил расмийлари Ливан жанубидаги кенг ҳудудларга таҳдид қилиб, аҳолига у ерларни тарк этишни, акс ҳолда қуруқликдаги босқин вақтида ҳаётлари хавф остида қолишини айтиб, огоҳлантирмоқда.
Кўплаб ливанликлар ушбу ҳужумлар Ливан жанубининг бир қисмини янгидан оккупация қилинишига олиб келишидан қўрқмоқда. Исроил ушбу ҳудудларни 2000 йилда ўз қўшинларини олиб чиқиб кетгунга қадар қарийб йигирма йил давомида назорат қилган эди.
Стратегик объектлар нишонда
Исроил Кацнинг таъкидлашича, “Ҳизбуллоҳ” Литани дарёси устидан ўтувчи кўприклардан “террорчилик мақсадларида” ва жанубга жангариларни етказиш учун фойдаланмоқда. Бироқ бу йўллар шимолга қочаётган тинч аҳоли учун ҳам ягона хавфсиз йўналиш ҳисобланади.
Кацнинг баёнотидан бир неча соат ўтиб, Исроил кучлари Тир шаҳри яқинидаги Қасмия кўпригини бомбардимон қилди. Шунингдек, вазир чегарага яқин шаҳарчалардаги уйларни йўқ қилишни тезлаштиришни буюрди.
Бунда Исроилнинг Ғазо секторидаги икки йиллик уруш давомида қўллаган усулларидан фойдаланилиши тахмин қилинмоқда. Ғазода ҳам хавфсизлик зоналари яратиш баҳонасида катта ҳудудлардан аҳоли чиқариб юборилиб, жойлар ер билан яксон қилинган эди.
Вазиятнинг навбатдаги кескинлашуви март ойида, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилишига жавобан “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ракеталар отиши билан бошланди. Бу АҚШ—Исроилнинг Эронга қарши урушидаги дастлабки зарбалар эди.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги зиддият сўнгги икки ярим йил ичида бир неча бор кенг кўламли урушга айланиб кетган. Хусусан, 2023 йил 7 октябрда Ғазодаги уруш бошлангач, “Ҳизбуллоҳ” фаластинлик иттифоқчилари билан бирдамлик белгиси сифатида Исроилга ракеталар ота бошлади.
Исроил гуруҳнинг кўп йиллик етакчиси Ҳасан Насруллоҳни 2024 йилда ўлдирди ва гуруҳни ўт очишни тўхтатишга мажбур қилди. Тель Авив сулҳга қарамай, гуруҳ салоҳиятини пасайтириш учун унинг раҳбарлари ва ҳарбий объектларини бомбардимон қилишда давом этди.
Жангларда қаттиқ зарбага учраган “Ҳизбуллоҳ” ҳарбийлаштирилган тарзда жавоб қайтармади, аммо Ливан ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятнинг қуролларни топшириш ҳақидаги чақириқларини ҳам рад этиб келмоқда.








