Daryo

Исроил Ливанга авиазарба берди (видео)

Яҳудий армияси ҳужумда “Ҳизбуллоҳ” объектлари ва ҳарбий лагерлари нишонга олинганини билдирди.

1 дақиқа ўқиш6 314 кўришлар0 изоҳ3

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 2 январь куни Ливан жанубидаги бир қатор ҳудудларга зарбалар берди. 2024 йил 27 ноябрда эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, яҳудий давлати Ливан ҳудудига ҳужум қилишни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Ливаннинг NNА расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, Исроил қирувчи самолётлари Ансар ва Заррария шаҳарлари орасидаги ҳудудга зарба берган. Шунингдек, Уқмата қишлоғи чеккаси, Рейхан тумани ҳамда Кифарва ва Изза шаҳарлари ўртасидаги ҳудудлар ҳам нишонга олинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Исроил ҳужумларидан сўнг бир қатор объектлар устидан қуюқ тутун кўтарилаётганини кўриш мумкин. Ливан расмийлари ҳозирча ҳужум оқибатлари ёки қурбонлар борлиги ҳақида маълумот бермаяпти.

Исроил томонининг баёноти

Ўз навбатида, Исроил армияси Ливан жанубидаги авиазарбалар давомида “Ҳизбуллоҳ” объектлари нишонга олинганини билдирди. Баёнотда қурол-яроғ омборлари ва ҳарбий инфратузилмалар йўқ қилингани айтилди. Шунингдек, зарбалар берилган ҳудудлардан бирида “Ҳизбуллоҳ”нинг “Радван” бўлинмасига тегишли машғулот лагери йўқ қилингани хабар қилинади.

Узоқ давом этаётган уруш

Исроилнинг Ливанга ҳужумлари 2023 йил октябрь ойида бошланган бўлиб, 2024 йил сентябрь ойига келиб кенг кўламли урушга айланиб кетган. Ҳарбий ҳаракатлар давомида 4 000 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, қарийб 17 000 киши жароҳатланган.

Томонлар ўртасида 2024 йил 27 ноябрда келишув имзоланганига қарамай, Исроил уни минглаб марта бузганликда айбланмоқда. Яҳудий давлати 2023 йил 8 октябрдан кейин Ливанда эгаллаб олинган бешта тепаликни ҳамон ишғол остида ушлаб турибди ва ўн йиллардан буён ўз назоратида бўлган бир қатор ҳудудларда ҳарбий иштирокини сақлаб қолмоқда.

Қурбонлар сони ортмоқда

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, отасркесим кучга кирган 2024 йил 27 ноябрдан 2025 йил 20 ноябргача бўлган давр мобайнида Исроилнинг келишувни бузиб амалга оширган ҳужумлари оқибатида 331 киши ҳалок бўлган ва 945 киши жароҳатланган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар