Daryo

Исроил ва Ливан шартли равишда ўт очишни тўхтатишга келишиб олди

Икки давлат Вашингтонда музокара ўтказди. “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни тўхтатса, оташкесимга риоя қилиниши таъкидланди.

4 дақиқа ўқиш4 955 кўришлар0 изоҳ2

Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бироқ бунинг учун “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ҳужумларни бутунлай тўхтатиши керак бўлади. Бу ҳақда Вашингтонда АҚШ бошчилигида ўтган музокараларга таяниб Al Jazeera хабар берди.

Расмий дипломатик алоқаларга эга бўлмаган ушбу икки давлат 3 июнь куни “синов зоналари” яратишга ҳам келишиб олди. Бу ҳудудларда Ливан қуролли кучлари мутлақ назоратни қўлга олади. Бошқа ҳеч қандай нодавлат қуролли гуруҳлар у ерда бўлмайди.

Келишувга қарамай, чегарада ҳужумлар давом этди. “Ҳизбуллоҳ” ўз аскарларига Исроил зарба берганини даъво қилди. Исроилнинг Ливан жанубига уюштирган ҳужумларида эса камида 10 киши ҳалок бўлди.

Келишув эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, Исроил шимолида ҳаво тревогаси чалинди. У ерда “шубҳали ҳаво нишони” аниқланди. Бироқ қурбонлар ҳақида маълумот берилмади.

Қўшма баёнотда айтилишича, оташкесим “Ҳизбуллоҳ”нинг отишмаларни бутунлай тўхтатишига боғлиқ. Шунингдек, гуруҳ аъзолари Ливан жанубидан чиқиб кетиши керак.

“Бу бутунлай янги оташкесим эмас. Бу май ойида келишилган оташкесимга амал қилинишини таъминлашдир. Май ойидаги келишув амалдаги оташкесимни 45 кунга узайтирган эди”, деб хабар берди Al Jazeera журналисти Мануэл Рапало Вашингтондан.

Унинг қўшимча қилишича, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи музокараларда қатнашмаган. Бу эса келишув қоидалари қандай бажарилиши бўйича саволларни очиқ қолдирмоқда. Вашингтондаги учрашув Ливан ва Исроил дипломатлари ўртасидаги тўртинчи тўғридан тўғри музокара бўлди.

Ливан 2 март куни “Ҳизбуллоҳ” ортидан АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушига аралашиб қолган эди. “Ҳизбуллоҳ” Эронни қўллаб, Исроилга ракеталар учирди. Бунга жавобан Исроил Ливанни кучли бомбардимон қилишни бошлади ва мамлакат жанубига қуруқликдан бостириб кирди.

Баёнотда айтилишича, икки томон 22 июнь куни яна учрашади. Бундан мақсад якуний ва ҳар томонлама келишувга эришишдир. Бироқ Исроил мудофаа вазири Исроил Кац баёнот бериб, оташкесимга қарамай, Ливандаги операциялар давом эттирилишини айтди.

Кац Исроил армияси Ливан жанубидаги эгаллаб олинган ҳудудларда қолишини айтди. Исроил ҳукумати бу жойларни ўз шимолий ҳудудларини “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун “буфер зона” деб атамоқда.

Кацнинг сўзларига кўра, Исроил ҳудуддаги “террорчилик инфратузилмасини йўқ қилишни” давом эттиради. Шунингдек, Исроил АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳаракат эркинлигига эга. Шунинг учун ўз ҳудудига қилинган ҳужумларга жавобан Байрутга зарба бера олади.

Эрон муносабати

Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп 3 июнь куни Ливан можароси бўйича музокараларни АҚШ-Исроилнинг Эронга қарши урушидан ажратмоқчи эканини айтди. Бироқ Теҳрон бу уруш бир-бирига боғлиқлигини таъкидламоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Байрутга қилинган ҳар қандай ҳужум урушнинг “тўлиқ қайта бошланишига” сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Ароқчи АҚШ билан алоқа линиялари очиқ эканини қўшимча қилди. Аммо Яқин Шарқдаги урушни тугатиш бўйича музокараларда ҳозирча сезиларли силжиш йўқ.

“Америкаликлар билан алоқа узилмаган. Байрутга нисбатан тажовузни тўхтатиш зарурлиги ҳақида хабарлар алмашилмоқда. Аммо музокаралар жараёнида аниқ натижа йўқ”, деди вазир Ливан телеканалида.

Унинг қўшимча қилишича, музокаралар столига қайтиш учун Эрон халқининг ҳуқуқлари таъминланиши, Ливандаги уруш тугаши ва минтақадаги кескинлик тўхташи керак.

Эрон олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий 4 июнь куни ўз мурожаатини йўллади. Унинг айтишича, жанг майдонида мағлуб бўлган “душманлар” энди халқнинг бардошини синдиришга ва ички бўлинишлар келтириб чиқаришга уринмоқда.

Хоманаий мамлакатни бирлашишга чақирди. У халқ ўртасида тушкунлик яратадиган ҳар қандай ҳаракат душман хизматига ярашини айтди. Ушбу мурожаат Эрон асосчиси Руҳуллоҳ Хомайний вафот этган сана муносабати билан ўтказилган маросимда ўқиб эшиттирилди.

Al Jazeera журналисти Обайда Ҳитто Ливан жанубидаги Тир шаҳридан хабар берди. Унга кўра, тонгдан бери Исроил ҳудудга зарба беришни давом эттирмоқда.

“Тир шаҳри жанубидаги ҳужумда йўлда кетаётган оила машинаси нишонга олинди. Оқибатда бир эркак, унинг рафиқаси ва қизи яраланди”, деди Ҳитто.

Шунингдек, Набатия туманидаги айланма йўлда ҳам катта ҳужум уюштирилган. Хабарларга кўра, у ерда тинч аҳоли вакиллари жароҳат олган. Қудс нашри Ливаннинг яна бир қатор шаҳар ва шаҳарчаларига ҳужумлар қилинганини маълум қилди.

Исроил ҳарбийлари Ливандаги тарихий қалъани эгаллаб, унга байроғини ўрнатди 

Исроил 31 май куни Ливан жанубидаги Бофор қалъасини эгаллаб олди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ҳужумлари ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказишга чақирди. 

30—31 май кунлари Исроил армияси Ливаннинг Набатия шаҳри яқинида жойлашган, XII асрга оид салибчилар қалъаси — Бофор қалъасини эгаллаб олди ҳамда унинг устида Исроил байроғини кўтарди. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац бу объект мамлакат шимолидаги аҳоли пунктларини ҳимоя қилишда “энг муҳим стратегик нуқталардан бири” эканини таъкидлаб, “бу кампания ҳали якунланмаганини” билдирди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар