Daryo

Исроилнинг Ливанга ҳужумларида 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Халқаро ташкилотлар Байрутда тиббиёт ходимлари ва тинч аҳоли нишонга олинаётганини қоралади. БМТ вакили Исроилнинг ҳужумларини ҳарбий жиноят деб атади.

2 дақиқа ўқиш3 931 кўришлар0 изоҳ0

Исроилнинг 2 мартдан бери Ливанга берган авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1000 дан ошди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Қурбонларнинг 79 нафари аёл, 118 нафари бола ва 40 нафари соғлиқни сақлаш ходимлари ҳисобланади. Исроил ҳужумлари оқибатида 2584 дан ортиқ киши яраланган. Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи 28 февраль куни Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилишига жавобан Исроилга ракеталар учириб, буни қасос деб атаганди. Шундан сўнг Исроил Ливанга қарши ҳужумларни кучайтириб, “Ҳизбуллоҳ” объектларини нишонга олаётганини даʻво қилмоқда.

Исроил бомбардимонлари 1 миллиондан ортиқ одамнинг ўз уйини тарк этишига сабаб бўлди. Исроил ҳарбийлари турар-жой бинолари ва бошқа инфратузилмаларни бомбардимон қилди. Бундан ташқари, Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши кенгайтирилган қуруқликдаги операцияни бошлади.

Ливан гуруҳи эса Исроил шимолига қарата ракета зарбалари берди ва жанубда Исроил кучларини қуруқликдан ўққа тутди. Ҳафта бошида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбари вакили Фолкер Турк Исроил ҳужумлари ҳарбий жиноят эканини айтди.

“Халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳарбий нишонлар билан тинч аҳоли ва фуқаролик объектларини фарқлашни талаб этади. Шунингдек, тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча эҳтиёт чораларини кўришни талаб қилади. Тинч аҳоли ёки фуқаролик объектларига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланади”, деди расмий вакил.

Халқаро Амнистия ташкилоти эса Исроилни Ливан соғлиқни сақлаш ходимлари ва муассасаларига ҳужумларни тўхтатишга чақирди.

“Тиббиёт ходимлари бошқаларни қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўймоқда, шифохоналар, тиббий муассасалари ва тез ёрдам машиналари халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида махсус ҳимояланган”, деди ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори ўринбосари Кристин Беккерле.

Исроил “Ҳизбуллоҳ” тез ёрдам машиналардан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганини даʻво қилмоқда.

“Бу касалхоналар ва тиббий транспортни жанг майдони сифатида кўришга ёки шифокорларни нишонга олишга асос бўла олмайди. Гуманитар вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларига атайлаб зарба бериш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши бўлиб, ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин”, деб таъкидлади Беккерле.

Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада 16 март куни эълон қилинган қўшма баёнотда Ливандаги зўравонликлар кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. Улар Ливан ва Исроилни можарони ҳал этиш учун музокаралар ўтказишга чақирди. 

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар