Daryo

Сулҳ кучга кирганидан бери Ливанда 380 киши Исроил ҳужумлари қурбон бўлди

“Ҳизбуллоҳ” сабаб Эрондаги урушга аралашган мамлакатда жами қурбонлар сони 2900 нафарга етди.

2 дақиқа ўқиш2 736 кўришлар0 изоҳ1

Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида 17 апрель куни ўт очишни тўхтатиш тўғрисида сулҳ кучга кирган эди. Шунга қарамай, Исроилнинг Ливанга берган зарбалари оқибатида 380 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб Al Arabiya хабар берди.

Вазирлик расмийсининг сўзларига кўра, ҳалок бўлган 380 кишининг 22 нафари болалар ва 39 нафари аёллардир. “Ҳизбуллоҳ” 2 март куни Эронни қўллаб-қувватлаш мақсадида Исроилга ракеталар учирганди. Бунинг ортидан Ливан урушга тортилди, шу пайтгача жами қурбонлар сони 2900 нафарга етди.

Вашингтон томонидан эълон қилинган сулҳ шартларига кўра, Исроил режалаштирилган ёки кутилаётган ҳужумларга қарши ҳаракат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган. Исроил қўшинлари айни дамда икки давлат чегарасидан 10 километр шимолда жойлашган “сариқ чизиқ” ортида ҳарбий амалиётлар ўтказмоқда.

Исроил ҳарбийлари 12 май куни ҳам Ливанда ҳарбий ҳаракатларни давом эттирди. Исроил армиясининг араб тилида сўзлашувчи вакили Авичай Адраи аҳолини қочишга чақирди. У Бекаа водийсидаги Соҳмор шаҳарчаси ҳамда жанубий Ливандаги Арзун, Тайр-Дебба, Базурия ва ал-Ҳуш шаҳарчалари аҳолисига огоҳлантиришлар йўллади.

Шунингдек, Литани дарёси яқинидаги Дейр-Мимас шаҳарчасида сув насос станцияси портлатиб юборилди. Бинт-Жбеил шаҳрида эса турар жой бинолари ер билан яксон қилинди.

Аҳоли кетишни истамаяпти

Al Jazeera мухбири Обаида Хиттонинг хабар беришича, охирги ҳафтада ҳужумлар сезиларли даражада кучайган. Шунга қарамай, аввалроқ уйларини тарк этиб, сўнг қайтиб келган аҳоли яна қочишни истамаяпти.

“Одамлар ҳужумлар давом этишидан хавотирда. Бироқ улар жанубни тарк этиш ниятида эмас”, деди журналист.

Дипломатия ва кутилаётган учрашув

Ливан раҳбарияти АҚШдан Исроилга босим ўтказишни сўрамоқда. Шу ҳафтанинг охирида Вашингтонда Ливан ва Исроил расмийларининг учинчи учрашуви бўлиб ўтади. Ливан бош вазири Навоф Салом АҚШнинг Ливандаги элчиси Мишел Исса билан учрашди. У элчидан сулҳни мустаҳкамлаш учун Исроилнинг ҳужумларини тўхтатишга ёрдам беришни сўради.

Al Jazeera вакили Рори Чалландснинг фикрича, Вашингтондаги учрашув сулҳнинг кейинги тақдирини ҳал қилади. Ҳозирда сулҳ фақат қоғозда мавжуд, холос.

АҚШ ва Исроил Ливан президенти Жозеф Аун ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг юзма-юз учрашишини истамоқда. Бироқ Ливан томони буни рад этди. Улар Исроил қўшинлари Ливан жанубидан тўлиқ чиқиб кетмагунча бундай музокаралар ўтказилмаслигини билдирди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар