Исроил мудофаа армияси (САХАЛ) бир сутка ичида Ливан жануби ҳамда Бека водийси ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига тегишли 150 дан ортиқ объектга зарба берди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Армия матбуот хизматининг билдиришича, ҳужумлар “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси ва ҳаракат аъзоларига қарши амалга оширилган.
“Сўнгги бир сутка давомида Исроил мудофаа армияси Ливан жануби ва Бека водийсидаги ‘Ҳизбуллоҳ’ инфратузилмаси ҳамда ҳаракат аъзоларига тегишли 150 дан ортиқ нишонга зарба берди”, дейилади расмий баёнотда.
Душанба куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳужумлар кучайтирилишини ва ҳаракатга “ҳал қилувчи зарба” берилишини маълум қилганди.
Ливан ва Исроил ўртасидаги элчилар даражасидаги илк тўғридан тўғри музокаралар 16 апрель куни Вашингтонда бўлиб ўтган эди. Музокаралар якунида АҚШ президенти Дональд Трамп томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини билдирган.
Бироқ расмий сулҳга қарамай, Исроил Ливан жанубидаги ўнлаб аҳоли пунктларига ҳар куни зарбалар беришда давом этмоқда ҳамда айрим чегара ҳудудларини ўт очиш назорати остида ушлаб турибди. “Ҳизбуллоҳ” эса бунга жавобан Исроил кучларига қарши ҳарбий операциялар ўтказаётганини маълум қилмоқда.
Аввалроқ Исроил ҲАМАСнинг янги қўмондони ҳам ўлдирилганини эълон қилган эди.








