БМТ экспертлари аъзо давлатларни Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
15 апрель куни Исроилнинг Ливанга уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди. Улар орасида тўрт нафар фелдшер ҳам бор. Экспертлар ушбу ҳужумларни қоралаб, уларни ноқонуний деб баҳолади. 8 апрель куни амалга оширилган ҳужумларда эса 350 дан ортиқ одам, жумладан 30 нафар бола ҳалок бўлди.
“Бу ҳужумлар Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилишини англатмайди. Бу БМТ Низомини очиқдан-очиқ бузиш, тинчликка қаратилган ҳаракатларни қасддан издан чиқариш ва БМТга асосланган халқаро тартибни ҳақорат қилишдир”, деди ташкилот экспертлари.
Улар Исроилни Ливанга қарши барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. Шунингдек, БМТга аъзо давлатларни “халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқлари жиддий бузилганига оид ишончли далиллар бор” пайтда Исроилга қурол етказишни тўхтатишни талаб қилди.
Исроилнинг Ливанга қарши ҳужумлари 2 март куни бошланди. Вазият “Ҳизбуллоҳ” Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 февраль куни ўлдирилганига жавобан Исроилга ракеталар учирганидан кейин кескинлашди.
Ливанга қилинган ҳужумлар давомида 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1,2 миллиондан ортиқ киши уйини тарк этишга мажбур бўлди. БМТ экспертлари “тинч аҳолини мажбурий кўчириш инсониятга қарши жиноят” эканини таъкидлади. Шунингдек, Исроилнинг Ливан жанубида, асосан шиалар яшайдиган ҳудудларда уйларни мақсадли “вайрон қилиши” этник тозалаш ҳисобланишини айтди.
Исроил ва Ливан 1993-йилдан буён илк бор музокара ўтказди
Томонлар 1993-йилдан буён биринчи марта тинчликка эришиш мақсадида дипломатик музокаралар ўтказди. Музокараларда воситачилик қилган АҚШ давлат котиби Марко Рубио буни “Ҳизбуллоҳ” таъсирини тугатиш учун “тарихий имконият” деб атади. Ливан президенти Жозеф Аун хавфсизликни фақат армия таъминлаши кераклигини айтди, бироқ “Ҳизбуллоҳ”га қарши имкониятлар чекланганини тан олди.
“Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали аъзоларидан бири улар эришилган келишувларга амал қилмаслигини билдирган. 1982-йилда ташкил этилган “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳ бўлиб, Ливаннинг асосан шиалар яшайдиган жанубий ҳудудлари ҳамда пойтахт Байрутнинг жанубий туманларида катта таъсирга эга. Гуруҳга алоқадор сиёсатчилар ҳукуматда ҳам икки вазирлик лавозимини эгаллаб турибди.








