Daryo

Эронда қурбонлар сони 555 нафарга етди

Мамлакатда АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужумлари давом этмоқда. Нишон остида нафақат ҳарбий объектлар, балки шифохона, мактаб ва аҳоли зич жойлашган турар жой даҳалари ҳам бор.

2 дақиқа ўқиш3 706 кўришлар0 изоҳ3

АҚШ ва Исроилнинг Эрон бўйлаб амалга ошираётган ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 555 кишига етди. Бу ҳақда Эрон Қизил Ярим ой жамиятига таяниб, Al Jazeera хабар берди.

Айни пайтда минтақада интенсив ҳужумлар тўлқини ва Эроннинг АҚШ ҳамда Исроил объектларига жавоб зарбалари давом этмоқда.

Шаҳарлардаги вайронагарчиликлар ва қурбонлар

Душанба, 2 март куни эрталаб Эроннинг Форс провинциясида камида 35 киши ҳалок бўлди. Теҳроннинг Нилуфар майдонига уюштирилган ҳужумда эса 20 дан ортиқ киши қурбон бўлгани хабар қилинмоқда.

Ҳудудлар кесимидаги вазият

Санандаж шаҳрида жойлашган полиция маҳкамаси ёнидаги турар жой бинолари вайрон бўлиши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди. Tasnim агентлиги АҚШ ва Исроил кучлари шаҳарнинг турли қисмларига, жумладан, аҳоли зич жойлашган маҳаллаларга олтита ракета ташлаганини билдирди.

Минаб шаҳрида қизлар мактабига берилган зарба оқибатида ҳалок бўлганлар сони 180 нафарга етгани маълум қилинди.

Пойтахт Теҳрон марказидаги Ганди шифохонаси ҳамда фавқулодда вазиятлар хизмати биносига жиддий зарар етган. Шифохонадан беморлар эвакуация қилинган, тез ёрдам ходимлари орасида жароҳатланганлар бор.

Ядро объектига ҳужум ва халқаро муносабат

Эроннинг МАГАТЭдаги элчиси Ризо Нажафий 1 март куни АҚШ ва Исроил авиацияси Натанздаги ядровий бойитиш марказини нишонга олганини тасдиқлади.

“Уларнинг Эрон ядро қуроли ишлаб чиқмоқчи деган важи шунчаки катта ёлғон”, деди Нажафий объектнинг “тинч мақсадлар”га мўлжалланганини таъкидлаб.

Ҳозирча Вашингтон ва Тель Авив ушбу объектга зарба берилганини расман тасдиқламади.

Эроннинг жавоб зарбалари ва минтақадаги вазият

Эрон душанба куни ҳам минтақадаги АҚШ ва Исроил активларига жавоб зарбаларини давом эттирди. Қатар, Баҳрайн, Иордания, Уммон, Кувайт, Саудия Арабистони ва БАА ҳудудларидаги аэропортлар, турар жойлар ва меҳмонхоналарга ҳужумлар уюштирилгани хабар қилинди.

Исроилдаги талафотлар

Исроил полицияси Эрон ракетаси Беит Шемеш шаҳрига тушиши оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна 11 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидирмоқда.

Дипломатик фронт

Форс кўрфази мамлакатлари Эрон ҳужумларидан ҳимояланишга ва “тажовузга жавоб қайтаришга” ваъда берди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Теҳрон Форс кўрфазидаги қўшнилари билан қарама-қаршиликка интилмаётгани, балки минтақадаги АҚШ объектларига зарба беришни мақсад қилганини таъкидлади.

Al-Jazeera мухбири Тоҳид Асадининг хабар беришича, Эрон пойтахтида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Ҳужумлар нафақат ҳарбий ва сиёсий марказларни, балки оддий аҳоли турар жойларини ҳам бутунлай вайрон қилмоқда.

Исроил ва АҚШ 28 февраль куни Эронга ҳужумларни бошлади. Бунга жавобан Ислом республикаси АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларига ва Исроилга ракеталар учирди. 

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар