Daryo

Саудия Арабистони ва БАА Эронга қарши урушга қўшилиши мумкин — WSJ

Ҳарбий можаро Форс кўрфази давлатлари иқтисодиётига зарар етказмоқда. Айрим араб давлатлари аллақачон ўз базаларидан АҚШ ҳарбийлари фойдаланишига рухсат бергани айтилмоқда.

2 дақиқа ўқиш4 780 кўришлар0 изоҳ2

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Эронга қарши урушга қўшилишга яқинлашмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Маълум қилинишича, бу давлатлар Эрон ҳужумлари сабабли позициясини қатъийлаштирмоқда. Ҳарбий можаро Форс кўрфази давлатларининг иқтисодиётига зарар етказмоқда ва Теҳронга Ҳормуз бўғози устидан узоқ муддатли таъсир ўрнатиш имконини бермоқда.

Саудия Арабистони АҚШ кучларига ўзининг “Қирол Фаҳд” авиабазасидан фойдаланишга рухсат берди. Аввалроқ қироллик ўз ҳудуди ва ҳаво майдонидан Эронга қарши ҳужумларда фойдаланишга йўл қўймаслигини билдирган эди. Аммо Эрон Саудия Арабистонидаги энергетика объектларига ва Ар Риёдга ракета ҳамда дронлар билан зарба бера бошлагач, бу позиция ўзгарди. Ҳозирда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон жавоб зарбасини бериш ва ҳужумларга қўшилиш қарорига яқин турибди.

“Қиролликнинг урушга киришиши фақат вақт масаласидир. Саудия Арабистонининг Эрон ҳужумларига сабр-тоқати чексиз эмас. Кўрфаз давлатлари жавоб беришга қодир эмас, деган ҳар қандай фикр ноўрин”, деди Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон ўтган ҳафта журналистларда.

Унинг бу баёноти Эрон Форс кўрфази давлатларидаги энергетика инфратузилмасига бир қатор ҳужумлардан сўнг янгради.

БАА эса бу орада Эрон билан боғлиқ активларга босимни кучайтирмоқда. Мамлакат Эроннинг молиявий тизими учун муҳим оқимларни ёпиши мумкин. 23 март куни  Дубайда Эрон касалхонаси ва Эрон клуби ёпиб қўйилди. Шифохонанинг телефон рақамлари, WhatsApp канали ва сайти ишламай қолди. Дубай соғлиқни сақлаш идоралари муассаса энди ишламаётганини айтди.

“Эрон режими ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан бевосита боғлиқ бўлган айрим муассасалар Эрон халқига хизмат қилмайдиган кун тартибини илгари суришда нотўғри фойдаланилгани ва БАА қонунчилигини бузгани аниқлангандан сўнг мақсадли чоралар доирасида ёпилади”, деди ҳукумат.

БАА йиллар давомида эронлик бизнеслар учун муҳим молиявий марказ бўлиб келган. Энди эса у миллиардлаб долларлик Эрон активларини музлатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Бу чоралар Теҳроннинг валюта тушумлари ва глобал савдо тизимларига киришини жиддий чеклаши мумкин. Айни пайтда мамлакатда инфляция ва санкциялар босими ҳам кучайиб бормоқда.

Расмий баёнотларда Кўрфаз давлатлари Эронга қарши ҳужумларда иштирок этмаслигини айтмоқда, бироқ амалда вазият бошқача бўлиши мумкин. Айрим маълумотларга кўра, Эронга қарши баъзи ракета зарбалари Баҳрайндан амалга оширилган.

АҚШ расмийларига кўра, Саудия Арабистонидаги “шаҳзода Султон” авиабазасида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг бешта ёнилғи қуйиш самолёти Эрон ракета зарбасида шикастланган. Америка ҳарбийлари араб давлатлари урушда қанчалик иштирок этаётгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар