Кеча, 28 февраль куни Қатар ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилиши оқибатида Тошкентга қайтаётган 48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Доҳа шаҳридаги элчихонаси маълумотларига таяниб, “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Доҳада авиакомпаниялар фавқулодда вазият сабаб йўловчиларни меҳмонхона билан таъминлай олмай қолган. Шундай шароитда Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси ходимлари зудлик билан аэропортга етиб борган. Музокаралар ўтказилиб, фуқаролар вақтинчалик меҳмонхоналарга жойлаштирилган.
“Қатар ҳаво ҳудуди очилиб, парвозлар тикланиши билан фуқароларимизнинг ватанга хавфсиз қайтиши таъминланади. Вазият элчихонанинг доимий назоратида бўлиб, йўловчилар рўйхати мунтазам янгилаб борилмоқда. Дипломатик ваколатхона юртдошларимизни ваҳимага тушмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга ҳамда хавфсизлик юзасидан одамлар гавжум жойлардан сақланиб, маҳаллий қонун-қоидаларга амал қилишга чақиради”, дея маълум қилган элчихона.
Қўшимча қилинишича, яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар муносабати билан Қатарда бўлиб турган 600 га яқин Ўзбекистон фуқароси орасида жабрланганлар аниқланмаган. Аввалроқ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ватандошларга огоҳлантириш билан чиққанди.
Эронга қарши уруш бошланди
28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳарбий ракеталар билан Эронга ҳужум қилди. Теҳрон ва бошқа қатор шаҳарларда портлашлар кузатилди. Кейин Эрон жавоб зарбаси сифатида дастлаб Исроилга, кейин Америка ҳарбий базалари жойлашган Қатар, БАА, Баҳрайн, Иорданияга реката зарбалари беришни бошлаган. Уруш 1 март куни ҳам фаол давом этди. Яқин Шарқдаги қатор мамлакатлар ҳаво ҳудудларини ёпган, авиарейслар тўхтатилган.
Маълумотларга кўра, Эрон ҳужумлардан кўпроқ талофат кўрмоқда. Бугун мамлакатнинг қатор юқори мартабали амалдоралари АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинди. Хусусан, Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий, мудофаа вазири Азиз Насирзода, генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий, мудофаа кенгаши котиби адмирал Али Шамхоний, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-лейтенант Муҳаммад Пакпурлар ҳалок бўлгани тасдиқланган. Эрондаги қизлар бошланғич мактабига берилган ракета зарбалари сабаб 148 нафар 7-12 ёшлар орасидаги қизлар қурбон бўлган.








