Daryo

БАА Эрон билан дипломатик алоқаларни узди

Бирлашган Араб Амирликлари Эроннинг мамлакат ҳудудига берган зарбалари ортидан Теҳрондаги элчихонасини ёпишга ва Эрон Ислом Республикасидаги элчисини, шунингдек, дипломатик миссия ходимларини чақириб олишга қарор қилди.

1 дақиқа ўқиш8 798 кўришлар0 изоҳ3

Бирлашган Араб Амирликлари Эроннинг мамлакат ҳудудига берган зарбалари ортидан Теҳрондаги элчихонасини ёпишга ва Эрон Ислом Республикасидаги элчисини, шунингдек дипломатик миссия ходимларини чақириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда БАА Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида маълум қилинди.

Баёнотда айтилишича, мазкур қарор Эрон томонидан БАА ҳудудига қаратилган очиқ ракета ҳужумларига жавобан қабул қилинган.

Вазирлик Эрон зарбалари фуқаролик объектларига, жумладан турар жойлар, аэропортлар, портлар ва инфратузилма иншоотларига йўналтирилаётганини таъкидлади. Ислом Республикасининг ҳаракатлари тинч аҳоли хавфсизлигини хавф остига қўяётгани ва миллий суверенитет ҳамда халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши экани қайд этилди.

Ўзи нима гап?

28 февраль куни эрталаб Исроил ва АҚШнинг Эронга берган зарбаларидан сўнг Теҳрон Форс кўрфази мамлакатлари томон ракета ва дронлар учирган. Эрон зарбалари нишони — минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари.

БАА Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 165 та баллистик ракета ва 541 та учувчисиз мосламалар учирилгани қайд этилган, уларнинг аксарияти тутиб қолинган.

Дронлардан бири Дубай аэропортига урилган, оқибатда тўрт киши жароҳат олган. Яна бир учувчисиз аппарат парчалари Дубайдаги дунёдаги энг баланд меҳмонхоналардан бири — беш юлдузли Бурж ал-Араб меҳмонхонасига зарар етказган.

Шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган яна бир дрон парчалари Жебел Али порти яқинида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган. Мазкур порт Яқин Шарқдаги энг йирик денгиз порти ва дунёдаги энг катта сунъий портлардан бири бўлиб, Дубай марказидан тахминан 35 километр жануби-ғарбда жойлашган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар