БААда минтақадаги вазият фонида турли жойларни тасвирга олиб, видеоматериалларни ижтимоий тармоқларда тарқатган ўн киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Амирликларнинг WAM ахборот агентлиги хабар берди.
Улар Бангладеш, Вьетнам, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Камерун, Непал, Покистон ва Филиппин фуқаролари ҳисобланади
Агентликка кўра, видеоматериаллар БАА ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимларининг жойлаштирилиши ёки “объектларга” зарба берилиши акс этган кадрларни, шунингдек, сохта портлашлар, ёнғинлар ва машҳур диққатга сазовор жойларга ҳужумларни кўрсатувчи, сунъий интеллект ёрдамида яратилган ёки уйдирилган видеороликларни ўз ичига олган.“БАА бош прокурори Ҳамад Саиф Ал-Шамсий турли миллатга мансуб 10 нафар айбланувчини ҳибсга олишга буйруқ берди. Айбланувчилар ижтимоий тармоқларда чалғитувчи ва сохта мазмундаги видеороликларни эълон қилганликлари учун зудлик билан судга юборилди. Бу ҳаракат минтақадаги воқеалар фонида рақамли платформаларнинг доимий мониторинги ортидан амалга оширилди”, дейилади хабарда.
“Бундай воқеалар жамоатчиликни атайлаб чалғитиш ҳамда миллий хавфсизлик, тартиб ва барқарорликка путур етказишга қаратилган дезинформацияни тарқатиш учун ишлатилган”, дея таъкидлайди агентлик.
Унинг маълумотларига кўра, тергов “қўлга олинганлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан ҳужумларнинг қайтарилиши акс этган реал кадрларни эълон қилганини” кўрсатган.
“Бошқа видеоларда ерда учаётган жисмлар ёки воқеаларни кузатаётган оломон тасвирланган. Бундан ташқари, БААнинг турли ҳудудларида гўёки портлашлар, машҳур диққатга сазовор жойларга ҳужумлар ёки тутун кўтарилган йирик ёнғинлар содир бўлганини кўрсатиш мақсадида сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган сохта видеоматериаллар тарқатилган”, дейилади хабарда.
БАА қонунчилигига кўра, атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, аҳоли ўртасида қўрқув уйғотиш ва ижтимоий барқарорликка путур етказиш билан боғлиқлиги сабабли қонунга мувофиқ камида бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва камида 100 минг БАА дирҳами миқдорида жарима билан жазоланадиган жиноят ҳисобланади.
Исроил ва АҚШ 28 февраль куни Эронга ҳужумларни бошлади, бунга жавобан Ислом республикаси АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларига ва Исроилга ракеталар учирди. Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Кувайт ва Баҳрайнда портлашлар қайд этилди. АҚШнинг Баҳрайндаги базаси жиддий шикастланди. Минтақа давлатларининг аксарияти ўзининг ҳаво ҳудудини ёпган, бу давлатларга кириш ва чиқиш рейслари тўхтатилган. Дубай ва Кувайт аэропортлари дрон ҳужумига учраган.
7 март оқшомида Эрон дрони Дубайдаги 23 Марина Тоwер турар жой баланд биносига зарба берди. БАА расмийлари ҳозирча ушбу ҳодисага изоҳ бермаган. Теҳрон баёнотига кўра, ҳужумдан мақсад Америка ҳарбийлари бўлган. Воқеа жойидан олинган кадрда қуюқ тутун кўтарилганини кўриш мумкин.








