Daryo

Ўзбекистонда бир ойда энергиядан ноқонуний фойдаланишлар натижасида тизимга етказилган зарар очиқланди

Бу бўйича июнь ойида жами 234 та ҳолат аниқланган

2 дақиқа ўқиш2 850 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистонда июнь ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар натижасида тизимга 135,6 миллиард сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.

Фото: “Ўзэнергоинспекция”

Келтирилишича, 2025 йилнинг июнь ойида “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда электр ва газ таъминоти ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг 234 та ҳолати аниқланган.

Ушбу ҳолатлар оқибатида 50,6 миллион кВт/соат электр энергияси ва 12,4 миллион метр куб табиий газ талон-торож қилинган бўлиб, умумий ҳисобда тизимга 135 миллиард 669 миллион сўм зарар етказилган.

Бундан ташқари, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчилар бўйича 471 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши расмийлаштирилган. Қоидабузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

“Ўзэнергоинспекция” томонидан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда

Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга, Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.

Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек: 

2025 йил май ойида ўтказилган текширувлар натижасида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 229 та ҳолат аниқланиб, тизимга 94 миллиард 887 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.

Жумладан, ноқонуний фойдаланишлар натижасида:

  • 35,6 миллион кВт соат электр энергияси (тахминан 57,9 миллиард сўм) ва
  • 13,2 миллион метр куб табиий газ (тахминан 36,9 миллиард сўм) талон-торож қилинган.

Назорат тадбирлари якунига кўра, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчилар бўйича 448 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар