Тошкент ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 15 апрелда дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 2-ўринга чиқди.
IQAir порталига кўра, соат 11:00 атрофида Тошкент ҳавосида майда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 81,5 мкг/м3 ни ташкил этган – бу ЖССТ томонидан тавсия этилган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан 16,3 баробарга кўп. Ҳозирда пойтахт ҳавоси сифати “зарарли” таснифда турибди.
Рейтингда 1-ўринни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри эгаллаган — PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 98 мкг/м3. Бангладешнинг Дакка шаҳри 3-поғонада — 74,1 мкг/м3. Рейтингдаги ўнталикдан, шунингдек, Катманду (Непал), Калкутта (Ҳиндистон), Лаҳор (Покистон), Аккра (Гана), Янгон (Мьянма), Боғдод (Ироқ), Чианг Май (Таиланд) эгаллаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари орасида саломатлик учун энг катта хавф туғдирадигани айнан PM2,5 дисперс зарраларидир.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни соат 08:30 ҳолатига кўра, Тошкент ҳавоси дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ифлосланиш рейтингида 1-ўринни эгаллаганди. Санепидқўмита чангли ҳавода қилиш керак бўлган қатор тавсиялар берган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўзбекистоннинг географик ва иқлимий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмаларига эришиш қийинлигини маълум қилганди. Вазирлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобил иловани ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)