Тошкент ҳавосидаги PМ2,5 зарралари миқдори 25 январь куни ЖССТ тавсияларидан қарийб 21 баробарга ошиб кетди, деб хабар бермоқда “Ўзгидромет”.
Атмосфера ҳавоси мониторинги автоматик станциялар маълумотларига кўра, соат 08:00 да Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 104,8 мкг/м3 ни ташкил этди. Бу ЖССТ тавсияларидан 20,9 марта кўп.
IQAir маълумотларига кўра, бу ҳавонинг “зарарли” даражадаги ифлосланиш тоифасига киради.
PМ 10 дисперсли заррачаларининг миқдори ва углерод оксиди CО (автотранспорт ва саноат корхоналари чиқиндилари) эса Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича рухсат этилган меъёрдан ошмади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўзбекистоннинг географик ва иқлимий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмаларига эришиш қийинлигини маълум қилганди.
Вазирлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобил иловани ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)